Бутун дунёда сиёсий майдон ўнглар ва сўлларга бўлинади. Бу, дунё парламентаризмида, сиёсий майдонида, партияшунослигида универсал тушунчалар ва категориялар ҳисобланади. Лекин Ўзбекистонда эмас. Бунинг сабаби нима? Нега Ўзбекистонда ҳалига қадар кимлар ўнг-у, кимлар сўл, номаълум?
Бунинг сабаблари бир қанча. Биринчи сабаб – Ўзбекистонда шу пайтга қадар реал сиёсий рақобат бўлмади. Шунинг учун, сиёсатчилар ва партиялар ўртасида ғоялар тўқнашуви, сиёсий тирашув ва баҳслар кузатилмади. Натижада, қайси партия ва сиёсатчи ўнг-у, қай бири сўл эканини нафақат жамоатчилик, балки уларнинг ўзлари ҳам тушуниш даражасига етмади.
Иккинчи сабаб – биздаги сиёсатчилар ва сиёсий партиялар имкон қадар универсал бўлишга, жамиятнинг барча қатламларини қамраб олишга, яъни имкон қадар ҳаммани ўз тасарруфи ва таъсир доирасида ушлашга ҳаракат қилади. Ҳаммани қўлга киритиш мақсадида, аниқ ижтимоий қатлам ва платформадан маҳрум бўлиб қолаётганини ҳар доим ҳам тушунавермайди.
Бутун дунёда ўнглар ва сўллар, ва уларнинг ўртасида жойлашган марказчилар – универсал тушунча. Ривожланган демократик давлатларда, ҳар бир партиянинг аниқ жойлашуви бор. Яъни ҳеч бир партия, ўнг-сўл категориясидан ташқарида эмас. Қолаверса, демократик дунёда ўнглар ва сўлларнинг мумтоз муаммолари ва ечимлари ҳам мустаҳкам шаклланиб улгурган.
Хўш, ўнглар ва сўллар қандай аниқланади? Ўлчов мезонлари нималардан иборат? Сиёсатшунослик фанида ўнглар ва сўлларни аниқловчи усуллар жуда кўп. Лекин, мен имкон қадар соддалаштириб, қуйидаги ўлчов мезонини таклиф қилмоқчиман.
Сўллар учун, энг асосий қадрият – бу тенглик. Сўлларга кўра, инсонлар имкон қадар тенг бўлиши керак. Улар ўртасидаги ҳар қандай ижтимоий, иқтисодий ва бошқа тафовутлар инсонларнинг таҳқирланишига, камситилишига олиб келмаслиги керак. Шунинг учун ҳам сўллар учун миллиятчиликдан кўра, интернационализм, динийликдан кўра космополитизм муҳимроқ. Ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан эса, сўллар инсонлар ўртасидаги моддий тафовутни ҳар хил усуллар билан камайтиришга ҳаракат қилишади.
Ашаддий сўллар эса, тенгликни куч ишлатиш орқали бўлса-да, таъминлашга интилишади. 20-асрда ашаддий сўллар энг кучайган давр бўлди. Собиқ СССР, Хитой Халқ Республикаси, Шимолий Корея, Куба, Европа, Осиё Африкадаги жуда кўплаб социалистик ва коммунистик давлатлар ҳамда партиялар, инсонлар ўртасидаги тенгликни катта репрессиялар ҳисобига бўлса-да, таъминлашга уриниб кўришди.

















