Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида лифтлар билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама қилинган.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов масала ҳақида тўхталар экан, лифтлар мутахассисларнинг тегишли хулосаси олинмасдан ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан фойдаланишга топширилаётганини маълум қилган.

Қўмитамиз томонидан мамлакатдаги лифтларнинг ҳолати ҳамда улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя қилиниши аҳволи ўрганилди. Натижада бу борада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги аниқланди.

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси зиммасига кўп квартирали уйлардаги лифтларнинг техник ҳолати белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг давлат экспертизасидан ўтказилган ҳолда ўрнатилишини назорат қилиш, носоз лифтлардан фойдаланишни тақиқлаш чораларини кўриш каби қатор вазифалар юклатилган. Бироқ, ажабланарли жиҳат шундаки, бу вазифаларни амалга ошириши учун инспекция зарур ваколатларга ва етарли мутахассисларга эга эмас.

Мисол учун, янги қурилган кўп хонадонли уй-жойларни давлат ҳайъати қабул қилиш комиссияси таркибига инспекция киритилмаган. Оқибатда лифт қурилмалари мутахассисларнинг тегишли хулосасисиз, яъни белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинмасдан ҳамда хавфсизлик томонидан кўрикдан ўтказилмаган тарзда фойдаланишга топширилмоқда.

Жумладан, мамлакатимиздаги янги қурилган кўп хонадонли уйлардаги қарийб 400 га яқин лифт ускуналарида аниқланган камчиликлар бартараф этилмасдан фойдаланиб келинмоқда”, дея таъкидлаган Қутбиддин Бурҳонов.

Қўмита раисига кўра, ҳозирги тартибга мувофиқ, кўп хонадонли уйларда ўрнатилган лифтларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ функциялар амалда иккита давлат органи – Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилиши белгиланган. Аммо бу икки тузилма ҳам ўз вазифаларини тўлақонли бажара олиш имкониятига эга эмас.

Мамлакатдаги жами 4 мингдан зиёд кўп қаватли уйларда қарийб 11 мингдан ортиқ лифт бор. Тегишли меъёрий техник ҳужжатлар талабига мувофиқ улар ҳар ойда техник кўрикдан ва 12 ойда бир марта тўлиқ техник синовдан ўтказилиши зарур. Ҳолбуки, ҳар иккала инспекциянинг ана шу биргина вазифани амалга ошириш учун ҳам моддий-техник, ташкилий ва бошқа имконияти йўқ.