Даниловнинг сўзлари Ғарбда Украина қуролли кучларининг фронтдаги ҳаракатларидан норозилик кучайиб бораётган бир пайтда янгради. Узоқ кутилган қарши ҳужум кутилмаларни оқлаётгани йўқ, бироқ Ғарб ОАВда қайд этилишича, бунга бир қатор объектив сабаблар бор. Бу сабабларни ҳарбий экспертлар тобора фаол муҳокама қилишмоқда, ўз сиртқи мулоқотларида улар украиналикларнинг қарши ҳужум операцияларини танқид остига ҳам олишмоқда, баъзида эса фронтдаги мураккабликлар эътиборидан, оқлаб ҳам қўйишмоқда.

Қуйида Ғарб матбуоти шарҳида таҳлилчилар Украина қуролли кучларининг қандай муаммоларга дучор бўлаётгани ҳақида сўз юритаётгани, фронтнинг олд чизиғидаги сўнгги воқеалар нега Иккинчи жаҳон урушида иттифоқчиларнинг Нормандияга туширилишига менгзалаётгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Украина фронтидаги умумий вазият

«Бизга ўзимиздан бўлак ҳеч ким дедлайн ўрната олмайди, бу — биринчидан. Иккинчидан, ҳеч қанақа график йўқ. Учинчидан, бунақа гап-сўзлар бошланса, буни кўпинча уруш нималигини тушунмайдиган одамлар бошлаган бўлади… Фронтда бўлаётган воқеаларга нисбатан вазият қизитиб юборилган пайтлар ҳам бўлмоқда», — деган Олексий Денилов «1+1» телеканали эфирида.

Унга кўра, ҳарбий ҳаракатлар мураккаб ва жуда кўп омилларга боғлиқ.

«Биз аллақачон НАТО тизимидамиз ва у билан иш кўряпмиз, командир у ёки бу йўналишда олдинга қўйилган умумий вазифага биноан қандай ҳаракат қилишни ҳал қилади», — деган Данилов.

Амалдорнинг баҳолашича, жорий шароитларда украиналик ҳарбийлар жанговар вазифаларни «аъло»га бажармоқда, айниқса «душман яхши тайёргарлик кўргани, улкан майдонларни миналаштиргани» ҳисобга олинса.

«Ҳарбийларимиз ортда қолдириб ўтиши лозим бўлган ҳудуддаги миналар сони ақл бовар қилмас даражада кўп. Бир квадрат метрга ўртача уч-тўрт-бештадан мина тўғри келмоқда», — деган Данилов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳудудларни миналардан тозалаш Ғарбдан жўнатиладиган техникалар воситасида амалга оширилиши режалаштирилган бўлган, бироқ фронтнинг жуда катта ҳудудида украиналиклар портловчи моддаларни қўлда зарарсизлантиришига тўғри келмоқда.

Украин армиясининг қарши ҳужуми июн ойида Жанубий Донецк фронти участкаларида бошланди. Украина қуролли кучлари тўртта асосий йўналишни белгилаб олишган. Бу Запорижжя областидаги Орихив шаҳри ҳудуди (Токмак шаҳри орқали Мелитопол шаҳрига чиқиш), Запорижжя ва Донцек областлари чегарасидаги Велика Новосилка райони, шунингдек, Донецк областидаги Марйинка ва Бахмут йўналишлари.