Uzbekistan Airports компанияси «Тошкент-3» маҳаллий авиақатновлар терминали олдидаги майдонни реконструкция қилишни бошлади. Лойиҳага кўра, автотранспорт воситаларининг терминал олдига кириши соддалаштирилади.

Компания матбуот хизмати хабар беришича, учта алоҳида йўлак ажратилади: аэропортнинг расмий таксилари, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар, шунингдек, ҳудудга 5 дақиқагача киришга рухсат берилган барча автомобиллар учун.

Автомобилларнинг одамларни кутиб олиш ва кузатиш йўлаги халқаро авиақатновлар терминалидаги йўл ўтказгич (эстакада) тамойили асосида ишлайди. Автомобилнинг йўлакда туриш вақти 5 дақиқадан ошиб кетган тақдирда ўрнатилган ва ЙҲХБ билан интеграциялашган камералар қоидабузарларга автоматик равишда жарималар юборади.

Вокзал майдонини реконструкция қилиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги 159-сонли «Аэропортлар, темирйўл ва автовокзалларда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Реконструкция ишларини 2023 йил август ойи охиригача якунлаш режалаштирилган.

Шунингдек, 2024 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда ҳам терминал атрофи ҳудудларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.