Айни пайтда ўзбекистонлик талабалар оладиган стипендия миқдори қанча? Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида талабаларга қанча стипендия тўланади?
Ўзбекистонда стипендия қандай тўланади?
Давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга базавий стипендия берилади. Семестрни фақат "аъло" (86 фоиздан юқори) тарзда якунлаган талабаларнинг стипендиясига 20 фоиз қўшилади.
Лекин ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (71 фоиздан паст) бўлган талабаларга кейинги семестр давомида стипендия тўланмайди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Kun.uz’га берган маълумотга кўра, айни пайтда талабаларга тўланадиган базавий стипендия миқдори – 517 880 сўмни ташкил қилади. Барча фанлар бўйича фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабалар учун стипендия – 621 456 сўм.
Бундан ташқари, иқтидорли талабалар учун номдор стипендиялар ҳам таъсис этилган.
- Президент стипендияси – 2 191 541 сўм;
- Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Ислом Каримов ва Камолиддин Беҳзод номли давлат стипендиялари –1 461 028 сўм;
Рўйхатда кўриниб турибдики, энг қиммат стипендия – президент стипендияси.
Қўшни давлатларда стипендия миқдори қанча?
Қозоғистон
(2023 йил, янги ўқув йили ҳолатига кўра):
- педагогика ва соғлиқни сақлаш йўналиши талабалари учун стипендия — 67 200 тенге (1 млн 777 минг сўм);
- олий ўқув юртлари талабалари учун (соғлиқни сақлаш ва педагогика йўналишлари бундан мустасно) — 41 898 тенге (1 млн 108 минг сўм);
- техник ва касб-ҳунар таълими дастурларида ўқиётган талабалар учун — 32 681 тенге (864 минг сўм);
- магистратура талабалари учун — 94 024 тенге (2 млн 486 минг сўм) стипендия белгиланган
















