Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 15 сентябр куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Давлат раҳбари тузилма ташкил этилганидан буён ўтган 30 йилда Орол денгизи ҳавзасида экологик хавф-хатарларга қарши курашиш масалаларни ҳал этиш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқишда жамғарманинг ўрни ва аҳамиятини таҳлил қилди.
“Оролни қутқариш халқаро жамғармаси – бу, аввало, Марказий Осиё мамлакатларининг глобал миқёсдаги энг ўткир муаммолардан бирини ечиш бўйича кўп томонлама ҳамкорлик борасидаги ноёб тажрибасидир”, - деди президент.
Ўзбекистон етакчиси кўп томонлама шериклик самарадорлигини ҳуқуқий ва институционал жиҳатдан таъминлаш бўйича муҳим вазифалар турганини қайд этиб, сув-экология соҳасидаги ҳамкорликка оид қатор амалий таклифларни илгари сурди.
Жамғарманинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва институционал механизмларини модернизация қилиш доирасида асосий ҳужжат ва битимларни хатловдан ўтказиш ва қайта кўриб чиқиш, амалдаги тузилмани таҳлил қилиш ва жамғарма таркибидаги ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва самарасини ошириш борасида таклифлар тайёрлаш, унинг фаолияти ва ҳамкорлик масалаларини аниқ тартибга солувчи “Қоида ва тартиб-таомиллар”ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
“Жамғармани ривожлантириш ва ислоҳ этиш жараёнларини тармоқлараро тамойил асосида, яъни замонавий экологик таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, “сув – энергетика – озиқ-овқат” тартибидаги комплекс ёндашувлар негизида амалга ошириш муҳимдир”, - алоҳида таъкидлади давлат раҳбари.
Асосан миллий режалар йўналишида амалга оширилаётган Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича тўртинчи дастурнинг ижроси ташвишга соладиган ҳолатда эканини билдириб, Ўзбекистон президенти жамғарма бошқарувига амалдаги дастурни танқидий қайта кўриб чиқиш топшириғини бериш ҳамда ҳар бир минтақавий лойиҳанинг ҳажмини ва молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, “йўл хариталари”ни, уларнинг ижроси бўйича келишилган жадвални тайёрлашни таклиф этди.
Устувор минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун инвестиция, технология ва техник кўмакни жалб этиш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни ҳам кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан мамлакатлар ҳар бири аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда, минтақавий лойиҳаларга четдан кўмакни жалб этиш бўйича ўзига мажбурият олиши ҳамда раислик қилувчи томоннинг мувофиқлаштириши асосида инвестицияларни ва техник кўмакни жалб қилиш ва тақсимлаш механизмларини ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.
















