Ўзбекистон | 11:55 / 17.09.2023
18580
2 дақиқада ўқилади

Олим Наим Каримов вафот этди

Унинг илмий изланишлари, асосан, XX аср ўзбек адабиётини ўрганиш, жадид адиблари — Чўлпон, Фитрат, Ҳамза ижоди билан боғлиқ эди.

Академик, адабиётшунос олим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Наим Каримов 91 ёшда вафот этди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати хабар берди.

Наим Каримов 1932 йил 12 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1955 йилда Ўрта Осиё давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факултетини тамомлаган.

1990 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида бўлим мудири бўлиб ишлаган. 1993 йилда унга филология фанлари доктори илмий даражаси, 1994 йилда эса профессор илмий унвони берилган. 1996 йилда Ўзбекистан Республикаси фан арбоби бўлган.

Наим Каримов XX аср ўзбек адабиёти тараққиёти хусусиятларини очиш борасида илмий тадқиқотлар олиб борган. У шу даврдаги ўзбек адабиёти ва унинг йирик вакиллари ижодини миллий ғоя мезонлари асосида ўрганиш ишини биринчилардан бўлиб бошлаб берган.

Наим Каримов Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ҳамзанинг кўп жилдли академик нашрларини тайёрлаш ва нашр этишда иштирок этган. Ўрта мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юрти талабалари учун ўзбек адабиётидан дарсликлар ёзган.

Наим Каримов Ўзбекистон маърифатпарварлар жамияти раиси (1999 йилдан). Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш комиссияси ва «Шаҳидлар хотираси» хайрия жамғармаси кенгаши раиси (1999 йилдан), «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директори (2002 йилдан).

Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1985). «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган (1999).

Kun.uz марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Мавзуга оид