Жаҳон | 10:06 / 23.09.2023
5901
2 дақиқада ўқилади

Брюссел: Россияда деярли 1500 та хорижий фирма ўз фаолиятини давом эттирмоқда

Европарламентнинг немис депутати Мориц Кёрнер Европа Иттифоқини Россия бозорида фаолиятини давом эттираётган ва шу орқали Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлаётган хорижий компанияларга нисбатан санкциялар режимини кучайтиришга чақирди.

Фото: Anton Novoderezhkin/picture alliance

Еврокомиссия маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага қарши урушига қарамай, кўп сонли хорижий инвесторлар Россияда бизнес қилишда давом этмоқда. Халқаро компанияларнинг атиги 40 фоизга яқини Россияни тарк этишга қарор қилган ёки аллақачон шундай қилди, дейилади Европарламент немис депутати Мориц Кёрнернинг сўровига жавобда, у dpa томонидан 21 сентябр, пайшанба куни эълон қилинди.

Ўз жавобида Брюссел Йел менежмент мактаби ва Киев Иқтисодиёт мактаби Украина институти маълумотларига таянади. Иккинчисига кўра, 18 сентябр ҳолатига кўра, 1410 та хорижий компания Россияда ишлашда давом этмоқда (охирги икки ҳафта ичида +26). Хусусан, Германиянинг Stada фармацевтика компанияси ҳамда тиббиёт технологиялари ва соғлиқни сақлашга ихтисослашган Fresenius компаниялар гуруҳи шулар жумласидандир. Ўтмишда улар Россия бозоридаги ишларини оддий россияликларга тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати билан оқлаган. 

Шу билан бирга, Киев Иқтисодиёт мактаби маълумотларига кўра, 18 сентябр ҳолатига кўра Россияда ўз фаолиятини қисқартирган компаниялар сони 1225 тага етди. 275 та хорижий компания Россия бозоридан чиқишни якунлади. «Россияда даромад олишда давом этаётган ҳар бир Европа компанияси Россия давлати фойдасига солиқлар билан ҳарбий машинани бевосита қўллаб-қувватлайди», — деди Кёрнер Европа комиссиясининг жавобини изоҳлар экан. Немис сиёсатчисининг фикрича, ЕИ шунга яраша санкциялар режимини кучайтириши керак. «Европа компанияларининг Россия бозоридаги фаолияти улар учун иқтисодий жиҳатдан фойдасиз бўлиши керак», деди Кёрнер. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид