Унга кўра, алифбодаги o‘, g‘ ва sh ҳарфларини 1993 йилги шаклларига (õ, ğ, ş) қайтариш, ch ундошини эса лотинча c ҳарфининг айнан ўзи, яъни думсиз шакли билан ифодалаш кўзда тутилган.
- O‘ o‘ — Õ õ
- G‘ g‘ — Ğ ğ
- Ch ch — С с
- Sh sh — Ş ş
Kun.uz мухбири алифбо ислоҳи бўйича ишчи гуруҳ раҳбари, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, Филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов билан алифбо ислоҳи борасида жамоатчиликни қизиқтираётган қатор саволлар бўйича интервю ўтказди.
— Низомиддин ака, бизга алифбо ислоҳи нега керак эди ўзи? Қандай муаммо сабаб биз деярли 30 йилдан бери алифбони ўзгартириш кераклиги ҳақида гапирамиз?
— Дунё алифболарида энг мақбул тамойил бир товушга бир ҳарф деган тамойил, кейингиси бир бўғин ва бир белги тамойили, яна бир тамойилда бир сўз ёки тушунча бир белги деган қараш бор. Бизнинг амалдаги лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосида шу тамойил ишларди, аммо бир қанча ҳарфлар мисолида юқоридаги қоидалардан чекинилган жойлари ҳам бор. Хусусан, ch ва sh товушларини ифодалаш учун биз икки белгидан фойдаланамиз. Шунинг ўзи ҳам алифбо мукаммаллигини бир қадар пасайтиради.
Ҳа, алифбомиз 30 йилдан бери ишлатиляпти. Аммо уни бир белгига келтиришнинг ҳеч қийин жойи йўқ.
Ҳозирги тақдим этилган C (ch) ҳарфи 1929-40 йиллардаги ўзбек алифбосида бор. Ch ҳарфининг методик жиҳатдан мақбулмаслиги шундаки, унинг таркибидаги C белгиси фақат шу ҳарфда бор, болага нотаниш у. Ўқувчилар бир товушни ифодалаш учун 2 та ҳарфни ўрганишига тўғри келмоқда.
C белгиси бошқа жойда йўқлиги учун унинг ўзини бемалол ch сифатида қўллаш мумкин, айтганимдек, олдинги алифбода ҳам бор эди.














