Россия ва Украина, энг аввало, урушни тугатиш масаласида ўзаро келишиб олиши керак, бошқа давлатлар эса бу жараённи қўллаб-қувватлаши ва унга ёрдам бериши мумкин. Бу ҳақда Владимир Путин Шарқий иқтисодий форум доирасида гапирди.
Путиннинг фикрича, Украинадаги урушни дипломатик йўл билан ҳал қилиш имконияти ҳали ҳам мавжуд.
«Энг аввало, Россия ва Украина ўзаро келишиб олиши керак. Қолган барча мамлакатлар эса буни қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришга тайёр. [...] Имконият борми? Менимча, ҳа, бор», — деди у.
Россия президенти Москва ва Киев ўртасида махсус хизматлар йўналиши бўйича алоқалар сақланиб қолаётганини ҳам маълум қилди. Бироқ Путин бу мулоқотлар тинчликка эришишга қай даражада ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида аниқ фикр билдирмаган.
Шу билан бирга, у Украинанинг Қора денгиздаги транспорт кемаларига ҳужумлари ва Киевнинг Россия ҳаво ҳудуди хавфсиз эмаслиги ҳақидаги баёнотларини тилга олди. Путиннинг таъкидлашича, бундай омиллар икки томонлама тинчлик музокараларини ўтказиш имкониятларини мураккаблаштиради.
Зеленский АҚШ воситачилигида музокаралар қайта бошланишини кутмоқда
3 сентябрь куни кечроқ Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Россия билан музокараларни қайта бошлаш истиқболлари ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида АҚШ вакиллари Киев ва Москвага ташриф буюради. Учрашувлар давомида Россия ва Украина ўртасида эҳтимолий тинчлик келишувига эришиш масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.
«Дастлабки саналар бор. Биз АҚШ президенти вакиллари бу ерга, Киевга келишини кутяпмиз. Улардан тасдиқ ҳам бор: Москвада ҳам, Киевда ҳам учрашув бўлади», — деди Зеленский украиналикларга йўллаган кечки видеомурожаатида.
Украина президенти Киев АҚШ томони билан доимий алоқада эканини ҳам таъкидлади.
Бундан бир неча кун аввал Зеленский Доналд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан телефон орқали мулоқот қилганини маълум қилган эди. Зеленский суҳбат чоғида Россия қўшинларининг жанг майдонидаги муваффақиятларини «аҳамиятсиз» деб баҳолаганини айтган.
Тинчлик музокаралари мавзуси яна фаоллашди
Россия ва Украина ўртасида урушни дипломатик йўл билан тугатиш имкониятлари ҳақидаги муҳокамалар август охирида АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Рэтклиффнинг олдиндан эълон қилинмаган Москва ташрифидан кейин яна фаоллашган.















