Алифбодаги тўртта ҳарфни алмаштиришга қарор қилинди: тармоқлар қизғин баҳсларга тўлмоқда. Солиқдан кешбэк қайтариш тўхтатилиши мумкин: вазирлик бу механизмни лотереяга алмаштирмоқчи. Ўзбекистон ва Беларус – энди стратегик шериклар; Лукашенко ўзбекларни яшаш ва ишлаш учун Беларусга келишга чақирди. Тошкентда свет ўчишларини тўхтатиш учун комиссия тузилди: авариялар сабабларига аниқлик киритилиши айтиляпти.

Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид муҳим воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Алифбо ислоҳоти ҳақида қонун қабул қилинди

Ўзбек-лотин алифбосидаги O‘, G‘, Sh, Ch ҳарфлари диакритик белгига эга яккаҳарфлар: Ö ö, Ğ ğ, Ş ş, Ç ç билан алмаштирилиши мумкин. 7 июл куни депутатлар кутилмаганда тегишли қонунни қабул қилди. “Кутилмаганда” дейишимизга сабаб, алифбо масаласи очиқ, расмий ва оммавий муҳокама майдонига охирги марта 2023 йилда кўтарилган, шундан бери бирор силжиш бўлгани ҳақида янгилик йўқ эди. Яъни, қонун лойиҳаси парламентга киритилгани ва депутатлар томонидан кўриб чиқилаётгани фактидан ҳам кенг жамоатчилик шунчаки бехабар қолди.

Ялпи мажлисда қонун лойиҳаси бўйича сўзга чиққан Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов ўзгариш заруратини изоҳларкан, амалдаги O‘ ва G‘ ҳарфларини тўғри ёзиш учун компютерда бир нечта амални бажаришга тўғри келиши, амалиётда бу ҳарфларнинг ўндан ортиқ шакллари қўлланаётгани, натижада ягона стандарт шаклланмаётганини айтди.