Спорт | 17:21 / 26.09.2023
33019
8 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари кундалиги. Делегация байроқдори олтин олди

Бугунги дастурларда Ўзбекистон вакиллари жами 8 та медал олишди, шундан тўрттаси дзюдочилар жамоасида. Делегация байроқдорлари Осиё ўйинлари совриндорларига айланди. Ўзбекистон делегацияси жами 22 та медал билан умумий рейтингда 4-ўринни сақлаб қолмоқда.

26 сентябр куни Ҳангжоу шаҳрида XIX ёзги Осиё ўйинлари доирасида навбатдаги беллашувлар бўлиб ўтди. Кун давомида Ўзбекистон делегацияси 13 та спорт турида иштирок этди. Кун якунига келиб Ўзбекистон номига 1 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медаллар қўшиб қўйилди. 

Ўқ отиш

Куннинг илк медали ўқ отувчилар жамоаси томонидан олинди.

10 метрдан пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича аралаш жамоавий дастурда иштирок этган Жавоҳир Соҳибов ва Мухтасар Тоҳирова жуфтлиги 630.3 балл билан мезбон Хитой жамоасидан кейин иккинчи натижани қайд этган ҳолда финалга чиқди.

Финалда ҳам ушбу икки мамлакат вакиллари энг яхши натижаларни қайд этишди - ўзбекистонликлар яна хитойлик рақибларидан ортда қолишди ва кумуш билан кифояланишди.

Шу тариқа, ўқ отиш бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзолари Бангкок-1998 Осиё ўйинларидан 25 йил ўтиб яна шоҳсупага кўтарилишди.

Таэквондо

Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон жамоаси етакчиларидан бири, Индонезиядаги аввалги Осиё ўйинлари кумуш медал совриндори Ниёз Пўлатов ишончни оқламади. -63 кг вазн тоифасида иштирок этган ушбу спортчи илк босқичдаёқ кореялик рақибига ютқазиб, турнирдаги иштирокини эрта якунлади.

Жамоанинг қолган аъзолари Чарос Қаюмова (-53 кг) ва Мадина Мирабзалова (-57 кг) эса иштирокини муваффақиятли бошлаб, мос равишда виетнамлик Юен Со ҳамда тожикистонлик Муниса Ойматовани мағлубиятга учратиб, чорак финалга чиқишди.

Мадина Мирабзалова иккинчи жангида Тайпей вакилига ютқазди, Қаюмова эса филиппинлик Беби Канабални 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва яримфиналга чиқди. Аммо у финал остонасида тайпейлик Лин Вей Чунга ютқазиб, бронза медал билан кифояланишга мажбур бўлди.

Ушу

Ушу спорт тури бўйича Даря Латишева Ўзбекистон делегациясининг турнирдаги навбатдаги медалини қўлга киритди. У нанкуан ва нандао дастурлари якунига кўра, Хитой ҳамда Малайзия вакилларидан кейин бронза медалига сазовор бўлди. Бу Даря учун Осиё Ўйинларидаги иккинчи медал. У 2018 йилги мусобақада кумуш медал соҳибига айланган эди. 

Санда бўйича баҳсларда Жамшидбек Гулибоев (-56 кг) ва Муҳаммадали Йўлдошев (70 кг) чоракфиналда ютқазди.

Дзюдо

Бугунги дастурда Ўзбекистон дзюдо жамоасининг беш нафар спортчиси ўз иштирокини ўтказди.

+78 кг вазн тоифаси вакили Ригина Илматова дастлабки босқичда непаллик рақибини иппон баҳоси билан мағлуб этганди, аммо чоракфиналда кореялик Ким Ҳаюнга ютқазиб қўйди. Бу рақиби финалга етиб боргани туфайли Илматовада бронза учун курашиш имкони пайдо бўлди, аммо у ўтиш баҳсларида қозоғистонлик Камила Берлихашга ютқазиб қўйди.

-78 кг вазн тоифасида курашган Ирисхон Қурбонбоева нимчорак финалда КХДР вакили тўсиғидан ўтди, чоракфиналда қозоғистонлик спортчини енгди. Аммо яримфиналда хитойлик Ма Женгжаога ютқазиб қўйди ва бронза учун курашадиган бўлди. Медал учун баҳсда эса мўғулистонлик Хуслен Отгонбайарни мағлуб этиб, Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги медални қўшиб қўйди.

+100 кг вазн тоифаси вакили Алишер Юсупов ҳам Осиё ўйинлари совриндорлари қаторидан жой олди. Иштирокини чоракфиналда бошлаган спортчи дастлаб қозоғистонлик рақибини енгиб яримфиналга ўтди, аммо иккинчи баҳсда БАА вакилига ютқазиб, бронза учун курашадиган бўлди. Медал учун баҳсда япониялик Ота Ҳёгадан устун келди.

-90 кг вазн тоифаси вакили, Токио олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони Давлат Бобонов эса кумуш билан кифояланди. Иштирокини нимчоракфиналда бошлаган Бобонов дастлаб Баҳрайн вакилини мағлуб этди, чоракфиналда кореялик рақиби тўсиғидан ўтди, яримфиналда мўғулистонлик спортчини мағлубиятга учратиб, финалга олди. Аммо олтин учун баҳсда кутилмаганда қирғизистонлик Ерлан Шеровга ютқазиб қўйди.

Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси байроқдорларидан бири бўлган Музаффарбек Тўрабоев (-100 кг) эса жамоа ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди. У финалгача йўлда туркманистонлик ва қозоғистонлик рақибларидан устун келди, финалда мўғулистонлик Гончигсурен Батхуягни мағлубиятга учратди.

Шу тариқа, дзюдо бўйича Ўзбекистон жамоаси яккалик беллашувларини юқори нотада якунлади. Жамоа мусобақада 3 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза, жами 8 та медал билан умумжамоа ҳисобида дзюдо ватани Япониядан сўнг иккинчи ўринни эгаллади. Бу ўзбекистонлик дзюдочилар Осиё ўйинларида медаллар сони ва сифати бўйича қайд этган энг яхши натижасига айланди.

Қиличбозлик

Бугунги дастурда ўзбекистонлик тўрт нафар қиличбоз сабля ва шпага бўйича баҳсларда ўз имкониятини синовдан ўтказди.

Саблия бўйича баҳсларда қатнашган Паола Плиего гуруҳ босқичидан ўтди, аммо саралашнинг илк босқичида япониялик рақибига 14:15 ҳисобида ютқазиб, иштирокини тўхтатди.

Токио олимпиадасидаги иштироки билан мухлисларга яхши таниш бўлган, Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси байроқдорларидан бирига айланган Зайнаб Дайибекова эса нимчорак финалда япониялик Шиҳоми Фукушимани 15:12, чоракфиналда хитойлик Хенгю Янгни 15:12 ҳисобларида енгиб, яримфиналга чиқди, аммо финал остонасида кореялик Юн Жисуга 14:15 ҳисобида ютқазиб қўйди ва бронза билан кифояланди.

Шпага бўйича баҳсларда қатнашган Файзулла Алимов ва Жавоҳир Нурматов саралашнинг илк даврасидан муваффақиятли ўтишганди, аммо чоракфиналга чиқа олишмади.

Бокс

Бугунги баҳсларда Ўзбекистон бокс жамоасининг икки вакили иштирок этди.

Аёллар бокс жамоасининг -75 кг вазн тоифасидаги вакили илк жангдаёқ таиландлик рақибига 0:5 ҳисобида мағлуб бўлиб, турнирни тарк этди.

Эркаклар жамоасининг -57 кг вазн тоифасидаги вакили Абдумалик Халоков эса тайбейлик спортчини ишончли ҳисобда мағлуб этиб (5:0), кейинги босқичга чиқди.

Сув полоси

Сув полоси бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси 2-тур учрашувини муваффақиятли ўтказди. Жанубий кореялик рақибларига қарши баҳс олиб борган жамоа 18:8 ҳисобида ғалаба қозонди. 1-турда Хитойдан 5:33 ҳисобида мағлуб бўлинганди.

Теннис

Теннис бўйича нимчорак финалда қатнашган Ҳумоюн Султонов таиландлик Самреж Касидитни 6:4, 6:2 ҳисобларида мағлуб этди.

Чим устида ҳоккей

Ўзбекистон жамоаси бу сафар япониялик рақибларига 1:0 ҳисобида мағлуб бўлди. 1-турда Ҳиндистонга 0:16 ҳисобида ютқазилганди.

Сузиш

400 метрга комплекс сузишда иштирок этган Егор Петряков саралашдан ўта олмади. У саккиз кишилик гуруҳда 4:27.87 натижа билан маррага еттинчи бўлиб келди.

Велотрек

Олга Забелинская, София Каримова, Нафосат Козиева, Янина Кускова ҳамда Маргарита Мисюринадан иборат Ўзбекистон аёллар жамоаси вакиллари саралашда 51,5 км масофага 4:39.539 соатда етиб келиб, гуруҳда бешинчи ўринда қолиб кетди. Никита Цветков, Данил Евдокимов, Алексей Фомовский, Едем Еминов ва Дмитрий Бочаровдан иборат эркаклар жамоаси ҳам гуруҳ босқичидан ўта олмади - 57,2 км масофага 4:11.417 натижа кўрсатилди.

Шахмат

Ўзбекистонлик тўрт шахматчи бугунги дастурда учтадан беллашув ўтказди. 

Нодирбек Абдусатторов дастлаб хитойлик Вей Йини мағлуб этди, аммо кейин ҳиндистонлик Видит Гужаратҳига ютқазди, 7-тур доирасида эса мўғулистонлик Билгун Сумия билан дуранг ўйнади. У бундан олдинги тўрт турда 3 ғалаба ва бир дуранг (ватандоши Жавоҳир Синдаров билан) қайд этганди.

Жавоҳир Синдаров эса бугунги турларда ҳиндистонлик Аржун Эригаси билан дуранг ўйнади, хитойлик Вей Йига ютқазди, эронлик Парҳам Мақсудлуни мағлуб этди. Олдинги турларда у 2 ғалаба ва 2 дуранг қайд этганди.

Нилуфар Ёқуббоева бугун ҳиндистонлик Ҳумпи Конеру ва БАА вакили Руда Алалига ютқазди, жанубий кореялик Сео Живонни мағлубиятга учратди. У олдинги турларда икки ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият қайд этганди.

Умида Омонова сингапурлик Қианюн Гонг ва хитойлик Йифан Ҳоуни мағлуб этди, хитойлик яна бир шахматчи Зу Жинер билан дуранг ўйнади. У бунгача уч ғалабага эришиб, бир бор мағлуб бўлганди.

Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси 5 та олтин, 6 та кумуш ва 11 та бронза билан умумий рейтингда 4-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид