2027 йил 1 январдан бошлаб аҳолига товар ва хизматларни бўлиб тўлаш шарти билан сотиш тизимида янги қоидалар кучга киради. Бу бўйича «Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзолангани хабар қилинганди.
Қарорда кўчмас мулк, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мулк муддатли тўлов хизмати объекти бўлиши мумкин эмаслиги келтирилганди.
Адлия вазирлиги маскур банд бўйича қўшимча тушунтириш берди.
«Қарорнинг 3-банди «д» кичик бандига кўра, кўчмас мулк оператор кўрсатадиган муддатли тўлов хизматининг объекти бўла олмайди. Яъни воситачи-оператор сизга уйни «рассрочка»га олиб бера олмайди. Аммо бу қурувчи ўзи қурган уйни харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сота олмайди, дегани эмас. Чунки қарорнинг 3-банди «а» кичик бандида сотувчи томонидан истеъмолчига тўғридан-тўғри сотиш ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинган. Демак, сиз аввалгидек қурувчининг ўзидан уй-жойни «рассрочка»га олишингиз мумкин. Қарор қурувчи ва харидор ўртасидаги бевосита савдони тақиқламайди», дейилади вазирлик хабарида.
Қарор кучга киргач, операторлар махсус реестрга киритилади, Марказий банк назоратида ишлайди, уларнинг шартномалари, устама ва комиссияларига аниқ талаблар белгиланади.









