Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни Хоразм вилоятига ташрифи давомида янги «Урганч – Хива» пулли автомобил йўли билан танишди.

Таъкидланишича, Урганч аэропорти ва Хива шаҳри ўртасидаги янги автомобил йўли аҳоли ва сайёҳлар учун хавфсиз, тезкор ва қулай ҳаракатланиш имкониятини яратишга қаратилган. Лойиҳа доирасида 35 километр автомобил йўли, ер ости туннели, 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк ва 106 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.

Мавжуд йўл орқали Урганчдан Хивага етиб боришга 45-50 дақиқа вақт сарфланса, янги тўрт тасмали магистралда бу вақт 15-17 дақиқагача қисқаради. Йўл суткасига 30 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга. Транспорт оқими ва тўловларни бошқариш сунъий интеллектга асосланган рақамли тизимлар орқали амалга оширилади. Енгил ва юк автомобиллари, шунингдек, автобуслардан тўлов транспорт воситасини тўхтатмаган ҳолда электрон шаклда ундирилади.

Йўл бўйида халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Йўл қопламасининг юқори қатламларида иссиқ иқлимга чидамли махсус модификацияланган битум аралашмасидан фойдаланилган. Қопламанинг умумий қалинлиги 87 сантиметрни ташкил этади.

Янги магистрал Урганч ва Хива ўртасидаги қатновларни янада тезлаштириш ва қулайлаштириш, сайёҳлар учун транспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳудуднинг йўл инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.