Жаҳон | 13:34 / 27.09.2023
10539
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Қорабоғдаги аксилтеррор тадбирлари чоғида ҳалок бўлганлар сонини эълон қилди

Икки кунлик жангларда Озарбойжон армиясининг 200 га яқин ҳарбийси ҳалок бўлиб, 500 дан ортиқ ҳарбийси яраланган.

Фото: Anadolu Agency

19-20 сентябр кунлари Қорабоғда ўтказилган «маҳаллий характердаги аксилтеррор тадбирлари» давомида Озарбойжон қуролли кучларининг 192 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди.

Озарбойжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, қурбонлардан 180 нафари мудофаа вазирлиги, 12 нафари эса ички ишлар вазирлиги ҳарбий хизматчиларидир. Шунингдек, тинч аҳоли вакилларидан бир киши ҳалок бўлгани айтилган.

11 кишининг шахси суд-тиббиёт экспертизаси томонидан суд-генетик экспертизадан сўнг аниқланади.

Ҳарбий ҳаракатлар вақтида яна 511 нафар ҳарбий ва бир оддий фуқаро жароҳатланган.

  • 19 сентябр куни Озарбойжон Қорабоғда «конституцион режимни тиклаш» мақсадида «маҳаллий характердаги аксилтеррор тадбирлар» бошланганини эълон қилган ва тан олинмаган республика ҳудудини ўққа тута бошлаганди. 20 сентябр кун ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди — унинг шартларидан бири Қорабоғ армиясини қуролсизлантириш ва арман ҳарбийларини тан олинмаган республика ҳудудидан олиб кетиш эди.
  • РФ мудофаа вазирлиги 20 сентябр куни Қорабоғда россиялик тинчликпарвар кучлар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Қурбонлар орасида тинчликпарвар кучлар контингенти қўмондони  ўринбосари Иван Ковган ҳам бор эди. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот чоғида бу ҳолат учун узр сўраган.

Мавзуга оид