Жаҳон | 13:05 / 28.09.2023
13935
2 дақиқада ўқилади

Тан олинмаган «Тоғли Қорабоғ Республикаси» 1 январдан тугатилади

«Тоғли Қорабоғ Республикаси»ни тугатиш ҳақидаги фармонни ҳудуд раҳбари Самвел Шаҳраманян имзолаган. Ҳужжат 2024 йил 1 январдан кучга киради.

Степанакерт Фото: Михаил Воскресенский / РИА Новости

Ўзини мустақил деб эълон қилган «Тоғли Қорабоғ Республикаси» (Арцах) 2024 йил 1 январдан ўз фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақдаги фармонни 28 сентябр, пайшанба куни унинг «президенти» Самвел Шаҳраманян имзолаган. «2024 йил 1 январга қадар идоравий бўйсунувдаги барча давлат муассасалари ва ташкилотлари тугатилиб, Тоғли Қорабоғ Республикаси (Арцах) ўз фаолиятини тўхтатади», — дейилади ҳужжатда. 

«Тоғли Қорабоғ Республикаси» тарихи

«Тоғли Қорабоғ Республикаси» 1991 йил 2 сентябрда Тоғли Қорабоғ автоном вилояти ва Озарбойжон ССРга туташ ҳудудларнинг бир қисми чегараларида эълон қилинган. Уни БМТга аъзо бирорта давлат тан олмаган. Озарбойжон Тоғли Қорабоғ унинг ажралмас қисми эканини таъкидлаган, Арманистон эса ўз навбатида «ТҚР»ни қўллаб-қувватлаган. Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро 1991 йилдан бери тўхтамаяпти, бир неча бор қуролли тўқнашувлар ва кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетган (1992-1994 ва 2020 йилда). 

19 сентябр куни Озарбойжон конституциявий тузумни тиклаш мақсадида Тоғли Қорабоғда «маҳаллий аксилтеррор тадбирлари» ўтказилишини эълон қилди. Эртаси куни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди - унинг шартларидан бири Тоғли Қорабоғ армиясини қуролсизлантириш ва арман ҳарбийларини тан олинмаган республикадан олиб чиқиб кетиш. 

Қорабоғ арманлари ва Озарбойжон ҳукумати вакиллари «реинтеграция, Тоғли Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш» учун бир қатор учрашувлар ўтказди, бироқ келишувга эриша олмади. 65 мингдан ортиқ арман Тоғли Қорабоғни тарк этди. 

Мавзуга оид