Ўтган ҳафта охирларида Косово-Сербия муносабатлари доимий зиддиятдан юқорироқ даражага кўтарилди. Шу асосда, Kun.uz тарихий, этник ва диний омиллар сабаб чигаллашиб кетган Болқондаги вазиятни шарҳлаш учун экспертларни “Геосиёсат” дастурига таклиф қилди.

Суҳбатдошларимиз – сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Жаҳонгир Акрамов бўлди.

— Болқонда беш фасл бор дейишади, яъни – баҳор, ёз, куз, қиш ва уруш фасли. Бу минтақа нега доим қайнаб турган қозондек? Собиқ Югославия таркибига кирган Косово ва Сербия ўртасидаги конфликтнинг асл илдизлари қаерда?

Фарҳод Каримов: Бу ерда масала иккинчи жаҳон урушидан кейинги ва совет иттифоқи парчаланишидан кейинги давр билан боғлиқ. Совуқ уруш бошланиб, дунё иккига бўлингач, социалистик ва капиталистик блоклар назорат қилувчи ҳудудлар бор эди. Икки қутб фони остида этник, ҳудудий ва бошқа муаммолар кўтарилмасди, босимла ушлаб турилар эди. Ўша жойларда можаро бўлиши марказлар манфаатига тўғри келмасди.

1991 йилдан кейин қутблар йўқолди. Социалистик блок таъсирида бўлган ҳудудларда тарихан мавжуд бўлиб, лекин 1945 йилдан кейин фон ортида йўқолган муаммолар юзага чиқа бошлади. Шундай муаммоларлан бири Югославия, Сербия, Албания, Косово муаммолари. Бу ерда миллатлар идентификацияси, ўз тақдирларини ўзлари белгилаш масалалари кўтарилди. Собиқ иттифоқ парчалангач, унинг таъсирида бўлган ҳудудларда ҳам шундай муаммолар чиқа бошлади. Шимолий Африка ва Шарқий Европа шундай муаммолар кўрина бошлади. 1999 йилда Югославияда парчаланиш бошланди, НАТО қўшинлари кирди, миллий-этник муаммолар бошланди. Косово муаммолари пайдо бўлди, Косовода Сербия таркибидаги албан мусулмонлар яшарди. Усмонийлар империяси даврида мусулмонлар кўчириб келинган. Албанлар ҳозир серблардан кўп, 95 фоизгача етди. Ўзи серблар Югославия парчаланишига ҳам қарши эди, кейинчалик Косово ажралиб чиқишига ҳам қарши бўлишди. Лекин дунё ҳамжамияти, АҚШ каби давлатлар ёрдамида Косово давлати ташкил топди.

1999 йилдаги ва ҳозирги Косово муаммоси фарқ қилади. Ўша пайт фақат Косово муаммоси эди, энди улар билишадики Косовони 90 дан ортиқ давлат тан олди, энди қайтариб бўлмайди. Шунинг учун Косово шимолида жойлашган серблар масаласи кўтариляпти. Косоводаги серблар ҳам мустақил бўлишга ҳақли деган масала кўтариляпти.

Жаҳонгир Акрамов: Албанлар 2 минг йил илгари Болқонга кирган иллерияликларнинг авлоди ҳисобланади. Славянларнинг Болқонга кириб келиши эса 6-асрга бориб тақалади. Бу икки халқ асрлар давомида конфликт ичида бўлган. 14-аср охиридаги Косово жангида Боязид Елдирим сербларнинг йирик кучини енгади ва Сербия мустақиллигини йўқотади. Косово жанги серблар учун муҳим аҳамиятга эга, шунинг учун улар Косовони тарихий мотив деб билишади. Усмонийлар империяси даврида албанлар мусулмонлашиб борди ва турклар Болқонни ушлаб туриш учун мусулмон бўлган албанлардан фойдаланишга ҳаракат қилди.