Ташриф дастурига мувофиқ, Белград шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда икки мамлакатнинг расмийлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес форуми ўтказилади.
Бўлажак мулоқотлар кун тартибидан Ўзбекистон – Сербия кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда транспорт, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари каби устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Тартибли меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Саммит якунида ҳукуматлараро ва идоралараро келишувларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Сербия президенти Александр Вучич 2025 йил 28-31 октябр кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган эди. Президентлар қўшма декларация имзолаганди. Шундан сўнг давлат раҳбарлари 2026 йил май ойида Бокудаги Бутунжаҳон урбанизация форуми доирасида учрашув ўтказишди.















