Жаҳон | 09:49 / 03.10.2023
5062
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Қорабоғдаги делегация арманларга нисбатан зўравонлик бўйича ҳеч қандай далил топмади

Комиссия маълумотларига кўра, минтақадаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилинмаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Қорабоғдаги БМТ делегацияси арман тинч аҳолига нисбатан зўравонлик далилини топмаганини ва минтақадаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум амалга оширилмаганини маълум қилди.

Бу ҳақда БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик маълум қилди. У Озарбойжон ҳукумати таклифига биноан БМТ делегациясининг ҳафта охирида Қорабоғ минтақасига ташрифи амалга оширилгани ҳақида гапирди.

Делегация минтақанинг инсонпарварлик эҳтиёжларини аниқлашга ҳаракат қилди, Дюжаррикнинг таъкидлашича, унинг таркибига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси вакиллари кирди.

Дюжаррикнинг айтишича, делегация Лочин чегара пункти ва Хонкенди шаҳрида текширувлар ўтказган: «Делегация арман тинч аҳолисига нисбатан зўравонлик исботи топилмаганини ва уларнинг фикрича, минтақадаги фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилинмаганини маълум қилди».

Вакилнинг қўшимча қилишича, шифохоналар, мактаблар, уйлар ва диний-маданий марказларга ҳужум қилинмаган. Озарбойжон ҳукумати узлуксиз тиббий хизматларни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни бошлади, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳайвонларга зарар етказилмаганини таъкидлади.

Стефан Дюжаррик делегациянинг минтақадаги арман жамияти вакиллари билан ҳам учрашганини айтди.

Минтақада ишончни тиклаш муҳимлигига тўхталган БМТ расмийси бунга эришиш учун томонлар саъй-ҳаракатлари зарурлигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид