Kun.uz’га Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Унда фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлмаган “дом”нинг бир томони чўкиб бораётгани айтилади.

Таҳририятга тақдим этилган видеолавҳаларда ҳам ёнма-ён қурилган уйлардан бири “ёнбошлаб”, юқори қисми иккинчисига тегай деб қолганини кўриш мумкин.

Мазкур кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирини субсидия асосида харид қилганман. Уй 2022 йил декабр ойида фойдаланишга топширилган. Март ойидан бошлаб уй силжишни бошлаганди. Ҳозирги кунда бу силжиш сезиларли даражада келиб, “дом” қийшайиб қолди. Юқори қаватда яшовчи хонадонларнинг таъмири кўчиб, яроқсиз ҳолатга келишни бошлаган”, дея таъкидлайди мурожаатчилардан бири.

Чўккани айтилаётган ушбу кўп қаватли уй “Янги замон бино” МЧЖ томонидан қурилган.

Корхона ва ташкилотлар очиқ реестрига кўра, 2016 йил 14 ноябрда ташкил этилган, устав фонди 566 млрд сўм бўлган “Янги замон бино” МЧЖга 50 фоизлик улушдан “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ҳамда “Unique Trade Business” МЧЖ эгалик қилади. “Unique Trade Business” МЧЖнинг 99 фоиз улуши эса “Golden House Development” МЧЖга тегишли.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳолат бўйича ўрганиш натижаларини маълум қилди.

“Геологик изланишлар хулосасига кўра, ушбу бинода “Чўкувчан ва ўта чўкувчан грунтли ҳудудларда қуриладиган бино ва иншоотлар” тўғрисидаги шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг 9-банди талабларига мувофиқ қурилиш ишлари бажарилган. Бироқ 2022 йил баҳор-куз мавсумидаги ёғингарчиликлар туфайли кўп миқдордаги ёмғир сувлари ирригация тизимларисиз мунтазам равишда бино пойдеворига сизиб кирган ва бино атрофига йиғилиб қолган. Натижада бино остининг асос қисми сувга тўйиниб, бинонинг вертикал сейсмик чоклари лойиҳавий ҳолатидан кўчган.