Мавжуд маълумотларга кўра, сўнгги кунларда 100 мингдан ортиқ киши Қорабоғни тарк этганидан кейин, бу ерда қолган этник арманлар сони 1000 нафарга етмайди. Бу ҳақда ҳудудга 30 йил ичидаги илк ташрифини амалга оширган БМТ миссияси хабар берди.
БМТ миссияси регионга якшанба куни тонгда келган, унинг асосий вазифаси ҳуманитар вазиятга баҳо бериш ҳисобланади.
БМТнинг Озарбойжондаги доимий координатори ҳамда агентликнинг бошқа юқори мартабали ходимлари бошчилигида ўтказилган сафар якунларига кўра эълон қилинган баёнотда миссиянинг кузатувлари ва бу ерда қолган маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлари тасвирланган.
БМТ ходимлари Агдамдан Хонкандигача (арманлар Степанакерт деб атайди) борган. Қайд этилишича, Хонкандининг улар борган қисмларида фуқаролик инфратузилмаси, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва турар жой бинолари, маданий ва диний обидаларга ҳеч қандай зарар етказилмагани аниқланди. Шунингдек, ўт очишни тўхтатиш режимидан кейин куч ишлатиш ҳолатлари ҳақида хабарлар бўлмаган.
Аммо миссия аъзолари шаҳар бўшаб ётганидан ҳайратга тушишган.
«Миссия маҳаллий аҳоли уйларини нақадар тезлик билан тарк этгани ва улар қандай азобларни бошдан кечирганидан ҳайратда қолди. Биз суҳбатдошлардан эшитишимизча, бутун Қорабоғ ҳудудида 50 дан 1000 нафаргача этник арман қолган», дейилган баёнотда.
Қорабоғ қутқарув хизмати вакили Хунан Тадевосян якшанба куни Хонкандида қолган аҳолини «бир қўл бармоқлари билан санаш» мумкинлигини айтганди.
Якшанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 100 мингдан ортиқ арман Қорабоғдан Арманистон ҳудудига ўтгани ҳақида хабар берди.
Арманистон ҳукумати душанба куни кечқурун ҳолатига Қорабоғдан у ерда Озарбойжоннинг сўнгги ҳарбий амалиётига қадар яшаган 100,5 минг киши қочиб келгани ҳақида маълум қилди.
Дам олиш кунларида Al Jazeera телеканалида намойиш этилган кадрларда Хонкандининг марказий майдони бўшаб ётгани, ҳудуд чиқиндилар, ташлаб кетилган аравачалар ва самокатлар билан тўлгани акс этган.
БМТ миссияси Лочин йўлаги бўйлаб чегара пункти томон ҳаракатланган ва йўлда автомобилларга дуч келмаган. Гуруҳ аъзоларининг сўзларига кўра, ҳозирда маҳаллий аҳолининг келгусида бу ерга қайтиш нияти бор ёки йўқлигини аниқлаш қийин.
















