Тошкент шаҳридаги Алфраганус университетида халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив кадрларни тайёрлаш мақсадида “Бир макон – бир йўл: имкониятлар ва муаммолар, миграция, туризм ва сиёсий иқтисод” мавзусидаги иккинчи халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

 “Бир макон – бир йўл: имкониятлар ва муаммолар, миграция, туризм ва сиёсий иқтисод” мавзусидаги Халқаро конференциядан кўзланган асосий мақсад халқаро даражада ўзаро ижтимоий-иқтисодий, фан-таълим, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштириш, хорижлик олимлар томонидан тиббиёт, рақамли технологиялар, туризм, архитектура ва дизайн, замонавий таълимни ташкил этишда инновацион ёндошувлар соҳаларида олиб борилаётган илмий тадқиқотларга Ўзбекистонлик ёш олимлар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талаба-ёшларни фаол жалб қилиш, самарали илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳисобланади.

Бу йил иккинчи маротаба ташкил этилаётган халқаро конференция қамрови ва географияси ҳам кенгайди. Хусусан, халқаро конференция ишида мамлакатимиздаги 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан биргаликда, дунёнинг 150га яқин Туркия, Хитой, Япония, Буюк Британия, Франция, Италия, Чехия, Швеция, Латвия, Америка Қўшма Штатлари, Марказий Осиё ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларидаги нуфузли етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилари, таниқли олимлар, халқаро экспертлар, иштирокчи давлатларнинг ишбилармонлик доиралари, етакчи компаниялари вакиллари, UNESCO, TIKA каби халқаро ташкилотларнинг мутахассислари иштирок этмоқда.

“Ўзбекистон ва Туркия университетлари ҳамкорлигида ташкил қилинган “Бир макон – бир йўл: имкониятлар ва муаммолар, миграция, туризм ва сиёсий иқтисод” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция ўтган 2022 йилда илк маротаба ўтказилган эди. Жорий йилда Алфраганус университети томонидан иккинчи маротаба ташкил қилинди. Тадбирда 20 га яқин давлатлардан ТОП-1000 таликка кирган 30 га яқин ОТМ профессорлари ва ректорлари иштирок этишяпти.

Конференция доирасида тиббиёт ходимлари, саноат соҳаси ходимлари, тадбиркорлар, ресторан ва меҳмонхона бизнеси мутахассислари ҳам юртимизга ташриф буюришди. Улар иштирокида махсус амалиёт дарслари, семинарлар ўтилади.