Келишувга мувофиқ, томонлар қўшма таълим дастурларини амалга оширади. Бу эса талабаларга ҳар икки университетнинг дипломини олиш имконини беради.
Мазкур келишувга Логан университети делегациясининг 8–18 июн кунлари Ўзбекистонга амалга ошираётган расмий ташрифи доирасида эришилди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, Миграция агентлиги ҳамда икки олийгоҳ раҳбарияти вакиллари иштирок этди.

Томонлар академик ҳамкорликни кенгайтириш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинувини ривожлантириш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда халқаро таълим дастурларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
“Америка Қўшма Штатлари олий ўқув юрти билан узоқ йиллик стратегик ҳамкорликка эришдик. Ушбу меморандумдан сўнг, Логан университети билан қўшма дастур асосида таҳсил олаётган талабалар ўқув йили охирида икки олийгоҳ дипломини қўлга киритиш имконига эга бўлади”, – дейди Алфраганус университети ректори Азизбек Исмоилов.

Ҳамкорлик таълим, илмий-тадқиқотлар, академик алмашинув, қўшма нашрлар ва янги лойиҳаларни қамраб олади. Қайд этилишича, Логан университети Алфраганус олийгоҳида АҚШ тажрибасига асосланган тиббиёт таълими дастурлари, хусусан, хиропрактика ва бошқа соғлиқни сақлаш йўналишларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
“Учрашувда қўшма диплом дастурини ҳам муҳокама қилдик. Унга кўра, Алфраганус талабалари Сент-Луис шаҳрида оффлайн, Логан университетида онлайн таълим олиш имкониятига эга бўлади. Худди шундай шароитлар Логан университети талабалари учун ҳам йўлга қўйилади”, – дейди Логан университети ректори Гаррет Томпсон.

Ташриф доирасида икки университетнинг қўшма таълим дастурларини амалга ошириш учун барпо этилган янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Алфраганус университети маълумотига кўра, бино замонавий аудиториялар, амалий машғулотлар хоналари, илғор таълим технологиялари билан жиҳозланган ўқув инфратузилмасини ўз ичига олади.














