Қорақалпоғистонда Оролбўйи иқлимига мослаштирилган интенсив боғ барпо этилди

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги ADM Agro корхонасининг саноатлашган интенсив боғида йўлга қўйилган замонавий аграр тажриба билан танишди.

Лойиҳа Оролбўйининг мураккаб иқлими ва шўр тупроқ шароитида интенсив боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган. Унга 55 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Интенсив боғнинг умумий майдони 330 гектарни ташкил этади. Лойиҳа доирасида маҳаллий аҳоли учун 100 та доимий иш ўрни яратилган. Ҳозирда 69 гектар майдонга 250 минг туп қора олхўри кўчати экилган. Ушбу нав шўр ерларга чидамли бўлиб, экилганидан кейин икки йилда ҳосилга кириши айтилмоқда.

UzAuto Motors компаниясидаги давлат улуши сотувга чиқарилади

Давлат активларини бошқариш агентлиги UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powertrain компанияларидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича тендер эълон қилади. Бу ҳақда агентлик директори ўринбосари Алишер Миралиев маълум қилди.

UzAuto Motors ҳозир Chevrolet бренди остида автомобил ишлаб чиқаради ва технологик жиҳатдан бутунлай GM лицензиялари ҳамда бутловчи қисмларига боғланган.

Эҳтимолий харидорлардан бири сифатида Хитойнинг SAIC-GM-Wuling қўшма корхонаси келтириляпти. Бу Ўзбекистондаги Chevrolet моделлари қатори узоқ вақтдан бери Хитой ва Лотин Америкасидаги моделлар қатори билан чамбарчас боғлиқлиги билан изоҳланган.

ЙПХ инспектори ўлимига сабаб бўлган Дониёр Турғуновга суд ҳукми ўқилди

BMW машинасида йўл-патрул хизмати инспектори Ҳосилбек Эшназаровни уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган вояга етмаган Дониёр Турғуновга нисбатан юритилган жиноят иши юзасидан ёпиқ суд мажлиси ниҳоясига етди. Суд ҳукми билан унга 2 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

2010 йилда туғилган Дониёр Турғунов Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг «д» банди бўйича (жабрланувчининг вафотига сабаб бўлган даражада қасддан баданга оғир шикаст етказиш) айбдор деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 85-моддаси тартибида 2 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, марҳум кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров президент фармонига кўра, «Жасорат» медали билан мукофотланди ва унинг оиласига Тошкент шаҳридан 3 хонали квартира берилди. 

Тошкентдаги 26 та мактабда сунъий интеллект ёрдамида давомат олиш тизими ишга тушди

Тошкентнинг Сергели туманидаги 26 та мактабда ўқувчилар давоматини смарт-камера ва Face ID технологияси орқали автоматик назорат қилувчи SI Davomat тизими ишга туширилди. Ўқувчи узрли сабабсиз дарс қолдирса, унинг ота-онасига SMS-хабар юборилади.

Тизим таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнини мунтазам таҳлил қилиш ва ўқувчилар давоматини назорат қилишга мўлжалланган. Лойиҳа мактаблардаги жараёнларни рақамлаштиришнинг биринчи босқичи сифатида тақдим этилмоқда.

SI Davomat дарсларнинг ташкил этилиши, ўқувчилар фаоллиги ва ўқитиш усулларини фанлар, синфлар ҳамда ўқитувчилар кесимида мунтазам таҳлил қилиб боради. Олинган маълумотлар ўқитувчиларни услубий қўллаб-қувватлаш, таълим сифатини баҳолаш ва KPI тизимини такомиллаштиришда қўлланади.

Апробация натижаларига қараб, тизимни Тошкент шаҳридаги бошқа мактабларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.

Контракт тўловига чегирма

Ўзбекистонда педагогларнинг давлат олийгоҳларида кундузги таълимда ўқиётган фарзандлари учун тўлов-контракт суммасининг 30 фоизи қоплаб берилади.

Чегирма фақат давлат олий таълим муассасаларида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган бакалавриат талабалари учун амал қилади. Хусусий ОТМ, ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари, хорижий олий таълим ташкилотлари, магистратура, қўшма таълим дастурлари, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакллари ушбу имтиёз доирасига киритилмайди. Шунингдек, супер-контракт асосида ўқиётган талабалар ҳам мазкур чегирмадан фойдалана олмайди.

Чегирма ҳар бир ўқув йили учун бир мартадан берилади ва талабалар ундан ҳар йили қайта фойдаланиши мумкин.

Имтиёздан фойдаланиш учун ҳар йили kontrakt.edu.uz тизими орқали онлайн ариза топшириш талаб этилади.

Шу билан бирга, агар талабанинг ота-онаси педагог мақомидан чиқарилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб мазкур чегирма қўлланиши тўхтатилади.