Мана 76 йилдирки, Яқин Шарқда тинчлик йўқ. Бир вақтлар эмин-эркин яшаган Фаластин аҳолисининг ерлари бугун деярли тўлиқ эгалланган. Исроил 1967 йилги чегараларга қайтишни, Фаластин давлатига имкон беришни истамаяпти. Натижада, Яқин Шарқда, қолаверса, коллектив ғарб ва мусулмон дунёси ўртасида ўзаро муносабатларга катта зарар етмоқда.
Фаластин–Исроил можароси 76 йиллик тарихга эга. Исроил – ёш давлат, у 1947 йилда ташкил топган. Унга қадар, тахминан икки минг йил атрофида, мавжуд бўлмаган. Яҳудийларнинг қадимги давлатлари йўқ бўлиб кетишига яҳудийларнинг ички низолари ва ўша даврда янги дин ҳисобланган христианлик асосий сабаблар бўлган.
1945 йилда, Гитлер Германияси йиқитилгач, дунё ҳамжамиятида яҳудийларга нисбатан глобал ачиниш ҳисси жуда кучли бўлади. 1945 йилда янги ташкил қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ўзининг энг биринчи катта иши сифатида, яҳудийлар учун Исроил давлатини ташкил қилишга киришади. БМТ қарорларига кўра, ўша даврдаги Фаластин ерларини иккига бўлиб, ерларнинг тахминан 55 фоизини яҳудийларга бериш, қолган 45 фоизини фаластинликларга қолдиришга келишилган.
Лекин, Исроил давлати ўша берилган ерлар билан чекланиш нияти йўқлигини кўрсатади. Мақсад – Фаластин давлати ерларини тўлиқ ўзлаштириш, Фаластин деган давлатни йўқ қилиш эди. Бу лойиҳага араб ва мусулмон давлатлари қарши чиқишади. Лекин, Исроилнинг орқасида турган коллектив ғарб, аввало АҚШ, Англия ва Франция имкониятлари устунлик қилади.
1970 йилларга қадар, Фаластин давлати ва унинг манфаатлари учун асосан араб давлатлари курашади. Сезиларни натижа бўлмагач, араб жамиятлари ва халқлари жуда тушкун аҳволга келади. Ташаббусни, “араб кўчаси” – оддий одамлар, уларнинг уюшма ва ташкилотлари қўлга ола бошлайди. Айнан 1970 йиллар охирларига келиб, ёмғирдан кейинги қўзиқорин каби, жангари гуруҳлар тузила бошлайди. Бу гуруҳлар, ҳар хил методлар орқали, жумладан, жангари усуллар билан ҳам, Исроилга қарши курашади, Фаластин ерларини озод этишга ҳаракат қилади.
1982 йилда, Ливанда шиаларнинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи тузилади. 1987 йилга келиб эса ҲАМАС тузилади. ҲАМАС – сўзи аббревиатура бўлиб, “Исломий қаршилик харакати”нинг қисқартмаси ҳисобланади.
Бошқа жангари гуруҳлар қатори, ҲАМАСнинг ҳам икки қаноти мавжуд. Сиёсий қанот ташкилотнинг молиявий ишлари, ташқи алоқалар, мафкура каби масалалари билан шуғулланади. Ҳарбий қанот эса, Исроилга қарши ҳарбий операциялар ўтказиш, ҳарбий тайёргарлик каби ишлар билан банд бўлади.

















