Кутилаётган таълим давомийлиги бу – мактаб ёшига етган боланинг мактабда ўрта, ундан кейин эса олий ва олий таълимдан кейинги босқичларда ўқиши кутилаётган йилларнинг йиғиндиси ҳисобланади. Уни ҳисоблаш учун ҳар бир таълим босқичида ўқиётганлар сони шу таълим босқичига тўғри келадиган ёшдаги жами аҳоли сонидаги улушларининг йиғиндиси сифатида ҳисобланади. Бошқача айтганда, таълимнинг ҳар бир босқичидаги қамровлар йиғиндисининг йиллардаги кўриниши.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ўзбекистондаги таълим имкониятларини ҳудудлар ва жинслар кесимида таҳлил қилди.

Боғча

Дунёда кутилаётган таълим давомийлиги бошланғич таълим ёшидагилардан бошлаб ҳисобланади. Бу таҳлилда ҳам мактабгача таълимга оид рақамлар кўриб чиқилган. Статистика агентлигининг 2022 йилдаги маълумотларига кўра, республикада 6 ёшгача бўлган қиз ва ўғил болалар ўртасида таълим имкониятлари тенг бўлиб, 1-6 ёш бўлган жами болалар сонига нисбатан ҳисоблаганда 2 йилни ташкил қилади.

Оилавий боғчаларнинг самарали фаолият олиб бориши ҳисобига бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида энг юқори кўрсаткич қайд этилган. Унга кўра, давлат мактабгача таълим муассасаларидаги 100 та ўринга Қорақалпоғистонда 150 нафар, Жиззахда 127 нафар бола тўғри келишига қарамай, кутилаётган мактабгача таълим йиллари 2,5 ҳамда 2,1 йилни ташкил қилган.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги давлат боғчаларида эса 100 та ўринга 101 нафар бола тўғри келса-да, мактабгача таълим йиллари республика бўйича энг паст, яъни 1,2 ва 1,5 йилдир.

Мамлакатда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиш кўрсаткичи 70 фоизга етган. Бу бўйича қиз ва ўғил болаларнинг қамрови ўртасида фарқ йўқ. Солиштириш учун айтиш лозим, 2022 йилга қадар мактабгача таълим тизимида қизлар қамрови доимий равишда ўғил болалар қамровидан паст бўлиб келган.

Аммо рақамлар шаҳар ва қишлоқлар кесимида ҳисобланса, ўртадаги тафовутни яққол сезиш мумкин. Шаҳарларда 3-6 ёшли болаларнинг кутилаётган таълим давомийлиги 2,4 йил бўлган вақтда, қишлоқ жойларда 1,7 йилни ташкил қилмоқда. Бу икки тоифадаги ҳудудларда қиз ва ўғил болаларнинг мактабгача таълим давомийлиги тенг.

6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимига қамровда ҳам шаҳар ва қишлоқ кесимида фарқлар сезиларли. Шаҳар жойларда 77 фоиз, қишлоқ жойларда 65 фоизни ташкил қилади (қишлоқ жойларида бу кўрсаткич қизлар орасида 1 фоиз билан кўпроқ, 65 фоиз).