Ўзбекистон | 10:50 / 12.10.2023
7579
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метроси бекатларининг вентиляция тизими эскиргани маълум қилинди

Йўловчилар оқими кескин ортиб бораётгани кўплаб техник носозликларга сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Фото: Kun.uz

11 октябр куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида «Тошкент метрополитени» ДУК бош муҳандиси Абдутоҳир Абдуқодиров метро бекатларининг вентиляцияси бўйича кўп эътирозлар тушаётганини тасдиқлади.

«Тўғри, вентиляция тизими бўйича кўп эътирозлар тушади. Ҳозир аҳамият берган бўлсангиз, 1977 йилда қурилган Чилонзор линиясининг вентиляцияси маънан эскирган. Лекин бу нарсани ҳали ҳам ушлаб турибмиз. Бу борада модернизация чоралари кўрилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Буни янгилаш босқичма-босқич амалга оширилади», – дейди у.

Шунингдек, анжуманда сўнгги кунларда метро йўловчилари сони кескин ошаётгани таъкидланиб, бу борадаги рақамлар маълум қилинди.

«Бир кунда метро линияларида ўрта ҳисобда 690-700 минг киши ҳаракатланмоқда. Айниқса 20 сентябр санасидан бошлаб кўчаларда 10 баллик автомашина тирбандлиги ҳисобига автобуслардаги йўловчиларнинг бир қисми метрога тушгани кузатилган.

«Йўловчилар сони кескин кўпайиши метро вагонларига белгиланган йўловчилар сони икки баробар кўпайиши ва вагонларга нормадан ортиқ юклама тушиб, метро поездлари тез-тез бузилишига олиб келмоқда», дейди метрополитен ходими.

У тиғиз вақтларда йўловчилар сони меъёрдан ортиқ бўлган метро ҳаракат таркибларида 2 дақиқадан 12 дақиқагача тўхтаб қолиш ҳолатлари 4 марта кузатилганини қайд этган.

Мавзуга оид