Жаҳон | 17:34 / 24.10.2023
14321
3 дақиқада ўқилади

Хитой мудофаа вазири лавозимдан олинди. У икки ой олдин ғойиб бўлиб қолганди

Xinhua давлат ахборот агентлиги Хитой мудофаа вазири Ли Шанфу лавозимидан озод этилгани тўғрисида хабар берди, лекин ҳеч қандай изоҳ келтирилмаган.

Фото: Getty Images

Бу истеъфо генералнинг тақдири ҳақидаги бир неча ҳафта давом этган турли миш-мишлар ортидан рўй берди: Ли август ойи охиридан буён жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ. Уни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги қарор Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси томонидан маъқулланган.

Ли Шанфу 29 августдан кейин кўриниш бермаётганди. Ўшанда у тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича Пекинда ўтказилган Хитой-Африка форумида иштирок этганди. 

Сентябр ойи ўрталарида The Financial Times Америка разведкасига таяниб, Ли Шанфу лавозимдан четлатилгани ва тергов остида бўлиб тургани ҳақида хабар тарқатганди. Reuters агентлиги журналистлари Хитойдаги ўн нафар аноним манба билан суҳбатлашиб, вазир коррупцияда гумонланаётганини хабар қилганди.

Ли Шанфу ўтган йил октябрида Си Жинпинг партия етакчиси сифатида учинчи муддатини бошлаганидан кейинги даврда тўсатдан лавозимдан четлатилган иккинчи вазир бўлди. 2023 йил июлида ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлигида Син Ган ўрнига Ван И қайтарилган, бундан олдинроқ эса  Син ҳам маълум вақт жамоатчиликка кўриниш бермай қўйганди. Син Ганнинг лавозимдан кетиши сабаби ҳозиргача номаълум қолмоқда.

Ли Шанфунинг истеъфоси Пентагон делегациясининг икки томон ўртасидаги юқори даражадаги ҳарбий мулоқотга янги импулс бериш мақсадида ўтказиладиган минтақавий хавфсизлик форумига ташриф буюришига бир неча кун қолганида эълон қилинди.

Ғарблик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, Хитой ташқи ишлар вазири ҳам, мудофаа вазири ҳам асосан партия қарорлари ижросини назорат қилади ва ташқи сиёсатда ҳамда мудофаа сиёсатида муҳим қарорларни ўзлари қабул қилишмайди. Аммо Ли ҳам, Син ҳам — давлат маслаҳатчилари эди, яъни Хитой вазирлар маҳкамаси ҳисобланган Давлат кенгашида юқори лавозимларни эгаллаганди.

65 ёшли Ли Шанфу Халқ озодлик армиясидаги таниқли шахс ҳамда Хитой Миллий-озодлик армиясининг бошқарув органи ҳисобланган Марказий ҳарбий комиссия аъзоси эди.

Ли Россиядан қурол сотиб олишга алоқадорлиги учун 2018 йилда Америка санкцияларига учраганди ва ушбу мамлакат ҳудудига кириши тақиқланганди. Шундан кейин Хитой америкалик ҳарбийлар билан алоқа қилишни тўхтатган, бу асосан америкаликлар қуроли Тайванга сотилишига қарши норозилик белгиси эди, шунингдек бу орқали Вашингтон Лига қарши санкцияларни бекор қилиши лозимлиги назарда тутилганди.

Лининг истеъфоси Хитой тарихидаги энг муҳим модернизация жараёнини бошдан кечираётган қуролли кучлардаги кейинги ўзгаришлардан дарак берадими ёки йўқ, буниси ҳозирча номаълум. Си Жинпинг 2049 йилга бориб Хитой Миллий-озодлик армиясини дунёнинг етакчи жанговар кучига айлантириш вазифасини қўйган, бу эса АҚШ армияси билан тенглашиш мақсадини англатади.

Ли Шанфу ўрнига ким янги мудофаа вазири бўлиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Мавзуга оид