Ҳайдовчи радар кўрсаткичи билан таништирилмаган
Суд қарорида кўринишича, 2023 йил 27 август куни соат 17:08ларда фуқаро Рашид Жўраев давлат рақами 01 Y 039 OB бўлган Lacetti машинасини Қарши шаҳри, Мустақиллик кўчаси бўйлаб бошқариб бораётиб, 60 км/с тезлик чегараланган жойда 74 км/с тезликда ҳаракатланган. Шу тариқа унга нисбатан ЙҲХБ инспектори Мухриддин Мамадиев томонидан белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 км/с.дан кўп бўлмаган катталикда оширгани учун 330 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Ҳайдовчининг тезликни оширгани “MultaRadar CD” воситаси орқали аниқланган.

Аммо ЙҲХБ инспектори ҳайдовчини тўхтатиб, радар кўрсаткичлари билан таништирмаган.
Суд Низом талабларини эътиборга олмади
Юқоридаги ҳолатда ҳайдовчининг тезлиги “Multiradar CD” воситаси орқали аниқланган бўлиб, бу восита мобил комплекс ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 31-бандига асосан, кўчма фоторадар ва мобил комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими ҳаракат тезлигини ошириб қоидани бузган ҳайдовчини мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозим.
Шу низомнинг 34-бандига кўра, кўчма фоторадар ва мобил комплексларни қўллаш жойи ва вақти ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғи томонидан тасдиқланган дислокацияга мувофиқ белгиланади.
Бу амалда кўчма фоторадар ва одатда “Nexia-3” автомобилларига (бошқа русумдаги автомобилларга ҳам ўрнатилиши мумкин) ўрнатиладиган радар мосламаси қоидабузарлик қайд қилганда ундан фойдаланаётган ЙПХ инспектори қоидабузар ҳайдовчини тўхтатиши ва унга мосламадаги ҳаракат тезлиги кўрсаткичини кўрсатиши лозимлигини англатади.
Рашид Жўраев жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судига ариза билан мурожаат қилиб, ЙҲХБ инспекторининг жарима қўллаш ҳақидаги қарорини бекор қилишни сўраган. Ҳайдовчи ўз аризасида юқоридаги Низом талабларини эслатган. Аммо ишни кўриб чиққан судя Ж.Қурбонов ушбу Низом талабларини эътиборга олмасдан, ЙҲХБ инспектори фойдасига қарор чиқарган.
Ишни кўриб чиққан Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ЖИБ Чилонзор туман суди қарорини ўзгаришсиз қолдирган. Суд Рашид Жўраевнинг мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айби, ўз айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатуви, йўл ҳаракати қоидаларини бузгани ҳақидаги RB 23676569159-рақамли баённомаси, маъмурий жарима қўллаш тўғрисидаги қарор ва унга илова қилинган фото билан ўз исботини топган, деб ҳисоблаган.






