Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида сиёсийсини инобатга олмаганда, энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бу – “Хоразмлик амалдорлар иши” бўлди.

Kun.uz мухбири ушбу иш ва унда чиқарилган ҳукм ҳақида ҳуқуқшунос ва инсон ҳуқуқлари фаоллари билан суҳбат ташкил қилди.

Суҳбат меҳмонлари Адвокат Раззоқ Алтиев, Швециядаги Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Гулноз Мамарасулова ва Инсон ҳуқуқлари Эзгулик ташкилоти раиси Абдураҳмон Ташанов бўлди.

— 3 ноябр куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан хоразмлик амалдорлар ишида чиқарилган ҳукм/ажрим сизда қандай кайфият, фикр пайдо қилди? Сизнингча, ишнинг шу нуқтасига етганда адолат қарор топдими?

Раззоқ Алтиев:

 — Қонунчилик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, суд ҳукми қонуний эди. Адолат масаласи эса анча муҳокамали. Суд имкони мавжуд бўлган барча институтларни қўллади.

Абдураҳмон Ташанов:

— Суд ҳукми қонунийдир, лекин ижтимоий адолатга хизмат қилмаслиги мумкин. Шу нуқтаи назардан ижтимоий адолат таъминланди деб ўйламайман. Ҳуқуқий меъёрларга тўғри келса ҳам, мен адолатли деб билмайман бу жазони.

Гулноз Мамарасулова:

— Суд матаериаллари билан тўлиқ танишиб чиқмаганмиз. Шунинг учун қонунийлик масаласига ҳуқуқшунослар баҳо беради. Лекин адолат, инсон ҳуқуқлари, халқ ғазаби нуқтаи назаридан келиб чиқадиган бўлсак, бу ҳукм адолатли эмас деб ҳисоблайман. 

— Юқорида бежиз иш бўйича сизнинг шахсий фикрларингизни сўрамадим. Ҳукм эълон қилинаркан, тармоқларда унга нисбатан билдирилган кўплаб изоҳларни ўқиб чиқдим ва уларнинг жуда катта қисмида норозиликни кўриш мумкин. Норозиликки, одамлар оддий инсонларга келганда ишлаган қонун, жазо, амалдорларга келганда ишламайди, демоқда.

Энди олий суд ҳам айтяптики, бизда бундан қаттиқ жазо беришга имкон йўқ эди, чунки модда 128, 118 эмас. 128 да эса 3 йилдан ортиқ жазо йўқ. Бу ерда ҳамма гап ишни малакалаш масаласида бўлган.