"Талаба кундалиги"нинг бугунги сонида мардикорчиликда томдан қулагани эвазига қўшимча 4 дона қовурилган тухум еган, ётоқхонани тозалашга чиқмаслик учун шкафга беркинган, ўқишга фақат муҳаббатини кўриш учун борадиган ва Бухорога саёҳат учун дарсдан қочган талабаларнинг ўқишдан ҳайдалишига бир бахя қолгани ҳақидаги ҳикоялари билан бўлишамиз.
1-ҳикоя: Мардикорчиликда томдан қулагани эвазига 4 дона тухум
Тошкентда ўқидим, талабалик давримда Чорсудаги "мардикор бозори"га чиқардим, тирикчилик учун. Одамларнинг кунлик ишларини қилиб бериб, ўзимни ўзим таъминлашга етгулик пул ишлаб топардим.
Кунлардан бир куни, борган хонадонимиздаги иш уйнинг том қисмига тўғри келди. Иш айни авжига чиққанда нимадир бўлди-ю, томдан ерга қуладим. Бахтимга ҳеч ерим лат емади.
Уй эгасининг инсофи бор экан, иш ҳақимдан ташқари ўз ҳисобидан 4 дона тухум қовуриб берганди ўшанда.
2-ҳикоя: Ётоқхонани тозалашдан "ҳимояловчи" шкаф
Университет ётоқхонасида турганимизда, ётоқхона коменданти якшанба куни бизни мажбурлаб олиб тушиб, ўт ўриш ва бошқа бир қанча ишларни қилдирар эди. Биз якшанба куни эшикни қулфлаб олсак ҳам комендантда хонанинг иккинчи калити бўлар ва ўша билан очиб кириб, бизни олиб чиқиб кетар эди.
Хонада 4 киши турар эдик, мен ҳар доим шкафнинг ичига яшириниб олар эдим, 2 та шкафга эса 2 та одам сиғар эди холос.
Бир куни эшик тақиллади ва мен шкаф томон югурдим, биринчи шкафни очсам сирдарёлик ўртоғим ўрнашиб олибди, кейин иккинчи шкафга югурдим, унда эса самарқандлик ўртоғим...
Шундай қилиб ўша куни қоронғи тушгунча, тушлик ҳам қилмай ўт ўрганман.
3-ҳикоя: Ошиқ талаба
Ёндафтарда қолиб кетган ҳислар...
Курсдошни севиш яхши. Ўқишга қандайдир бир мақсад билан бориш керак-ку!
Эрталаб уйғонасан, хаёлингда у. Ўқиш томон ичинг қизиб ошиқасан. Кўнглинг нотинч, кечикишдан эмас, у ўқишга келмай қолишидан. Амаллаб етиб олдинг. Кўрдинг. Ҳаяжон. Таскин. Кеча тунда ўйлаб қўйган, унга айтмоқчи бўлганинг яна ичингда қолиб кетади. Одатдагидай кўришасан. Ҳиссиз, жонсиз туйғулар. Уни севишингни у билмаса қийин.
Дарс бошланди. Хаёлларинг билан ёлғиз қоласан. Орқароқ партадан ҳар замонда унга қараб қараб қўясан. Қани бир ортга боқса-чи. Боқадиям, сен кўзингни оласан. Қандай севги бу? Жим туриб севиш азоби...








