Ижтимоий тармоқларда давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларига Ҳиндистон ҳамда Бангладеш фуқароларини талабаликка қабул қилмаслик бўйича оғзаки кўрсатма берилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
Маълум қилинишича, жорий ўқув йилидан хорижлик абитуриентларни Ўзбекистон олий таълим ташкилотларига қабул қилиш жараёни Study in Uzbekistan ягона электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда.
Платформа орқали хорижлик абитуриентлар Ўзбекистондаги олий таълим ташкилотлари, таълим дастурлари, қабул шартлари ва тўлов миқдорлари ҳақида маълумот олиши, ҳужжатларни электрон шаклда топшириши ҳамда ариза ҳолатини кузатиши мумкин.
Тизим хорижлик абитуриентлар учун қабул жараёнининг очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш, уларнинг воситачиларга боғлиқлигини камайтириш ҳамда олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратиш мақсадида жорий этилган.
Платформада рўйхатдан ўтиш бепул. Абитуриент ўзи танлаган олий таълим ташкилотига бевосита ариза юбориши мумкин.
Вазирлик Ўзбекистон хорижий талабалар оқимини чеклаш эмас, аксинча, уни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Асосий мақсад хорижлик талабалар географиясини кенгайтириш, Ўзбекистонни таълим олиш учун жозибадор мамлакат сифатида тарғиб қилиш ва таълим экспортини барқарор ривожлантиришдан иборат.
Хорижий талабаларни қабул қилиш ҳажмини ҳар бир олий таълим ташкилоти ўз имкониятларидан келиб чиқиб белгилайди. Бунда ўқув аудиториялари, лаборатория базаси, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, талабалар турар жойлари ва бошқа инфратузилма имкониятлари ҳисобга олинади.
Хорижлик абитуриентларга расмий Study in Uzbekistan платформасидан фойдаланиш, қабул шартлари ҳақидаги маълумотларни бевосита танланган ОТМдан олиш ва турли воситачиларга асоссиз тўлов қилмаслик тавсия этилди.
Қабул жараёнида муаммога дуч келган абитуриентлар платформадаги расмий мурожаат каналлари орқали хабар бериши мумкин.

















