Спорт | 16:50 / 23.11.2023
29873
3 дақиқада ўқилади

«Бу ФИФА регламентига зид». Сенегал Франция U17 жамоасини ЖЧ-2023дан дисквалификация қилишни талаб қилди

Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати нимчоракфиналида Франция U17 жамоасига аламли тарзда мағлуб бўлган Сенегал ўйиндан кейин французларни турнирдан дисквалификация қилиш бўйича ФИФАга расман мурожаат қилган.

Фото: Getty Images

Сенегал 22 ноябр куни ЖЧ-2023 1/8 финалида Франция билан ўйиннинг асосий вақтида 0:0 ҳисобини қайд этиб, пеналтилар сериясида мағлубиятга учради. Сенегал мундиалдаги иштирокини тўхтатиб, турнир билан хайрлашган бўлса-да, мамлакат футбол федерацияси Франциянинг ҳам чоракфиналда ўйнашига қарши чиқмоқда ва буни ФИФА регламентининг қўпол тарзда бузилиши дея ҳисобламоқда.

Аввалроқ, Франция ўсмирлар жамоаси ҳужумчиси Яннис Иссуфу ЖЧ-2023 Африка саралаш баҳси доирасида Нигер ўсмирлар жамоаси сафида майдонга тушгани маълум бўлганди. ФИФА қоидаларига кўра эса, футболчининг бир турнирда икки жамоа сафида ўйнаши қатъиян ман этилган. Шундан келиб чиқилса, ФИФА регламентига биноан Франция ўсмирлар жамоаси турнирдан дисквалификация қилиниши лозим.

«Ушбу футболчи ФИФА байроғи остида ўтадиган бир хил ёш тоифасидаги икки расмий турнирда икки хил жамоа сафида майдонга тушган. Аммо ФИФА низоми ва футболчиларнинг трансфер қоидаларида «футболчи аввалги ассоциацияси билан иштирок этган турнирларда янги ассоциацияси байроғи остида иштирок эта олмайди», дея аниқ ва равшан қилиб кўрсатилган. Бу қоидага зид. Қолаверса, U17 Жаҳон чемпионати регламентида барча футболчилар ФИФА низомига мувофиқ турнирда иштирок этиши шартлиги белгиланган.

Шундай экан, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда бу турнирда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмаган ўйинчини ўз сафига қўшиб олгани ва турнирда рўйхатдан ўтказгани учун Франциянинг ЖЧ-2023дан дисквалификация қилинишини қатъий сўраймиз», - дейилади Сенегал футбол федерациясининг ФИФАга йўллаган баёнотида.

Sport News Africa нашри хабарига биноан, дастлаб Буркина-Фасо гуруҳ босқичида французлардан мағлубиятга учрагандан кейин бу борада арз қилгач, Франция футбол федерацияси «Монпелье» клуби ҳужумчиси саналмиш Янниснинг Нигер ўсмирлар жамоаси сафида мусобақанинг саралаш босқичида майдонга тушганидан хабари бўлмагани ҳақида маълум қилган.

L'Equipe хабарига кўра, Франция ўсмирлар жамоаси бош мураббий Жан-Люк Ваннуки айнан дисквалификация эҳтимоли туфайли Яннис Иссуфуни Сенегалга қарши нимчоракфинал ўйини олди таркибдан чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, Яннис Нигер ўсмирлар жамоаси сафида 2022 йил Кот-д’Ивуар ва Бенинга қарши саралаш ўйинида майдонга тушиб, битта голга муаллифлик қилган, Бенинга қарши эса жамоасининг энг яхши ўйинчиси деб топилган.

Маълумот учун, Франция ўсмирлар жамоаси чоракфиналда Ўзбекистонга қарши майдонга тушиши лозим. Ўйин 25 ноябр кунига белгиланган. ФИФА бу борада ҳозирча расмий баёнот беришдан тийилмоқда.

Мавзуга оид