Францияда тасвирга олинган ғайриоддий табиат ҳодисаси акс этган тасвирлар интернетда кенг тарқалди. Кадрларда тунги осмонни бир зумга қизил спрайтлар ёритганини кўриш мумкин. Уларнинг ғаройиб шакли манзарага фантастик филмлардаги каби тус берган.
Спрайтлар — момақалдироқли бўронлар пайтида атмосферанинг юқори қатламларида пайдо бўладиган қисқа муддатли электр разрядларидир. Улар тахминан 40–100 километр баландликда юзага келади.
Фотограф Флориан Риу бу ҳодисани 16 сентябр куни Франциядаги Монтемаджоре тоғ қишлоғи устида тасвирга олган. Унинг айтишича, тасвирга олиш жараёнини олдиндан ҳисоб-китоб қилиб, пухта режалаштирган.
Натижада фотограф осмонда атиги бир лаҳза кўринадиган қизил чақнашларни камерага муҳрлашга муваффақ бўлган. Видеодаги спрайтлар ҳавода пайдо бўлиб, бир зумда ғойиб бўладиган медузаларга ўхшайди.
Бундай ҳодиса одатда бир неча миллисониягина давом этади. Шу қадар қисқа вақт ичида пайдо бўлиб йўқолгани учун бу чақнашларни оддий кўз билан пайқаш жуда қийин. Бироқ уларни баъзан камера ёрдамида тасвирга олиш мумкин.

















