22 ноябрга ўтар кечаси Исроил ҳукумати Ғазо секторида гуманитар танаффус ва 7 октябр куни ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод этиш бўйича келишув параметрларини тасдиқлади. Келишув тузилгани фактини Фаластин ҳаракати вакили ҳам расмий телеграм-каналлардан бири орқали тасдиқлаган. Келишув доирасида ҲАМАС айни вақтда Исроил қамоқхоналарида сақлаб турилган 150 нафар фаластинлик эвазига гаровдаги 50 кишини озод қилади, Ғазода эса тўрт кун муддатга ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилади. «Медуза» ушбу келишувнинг асосий тафсилотларини келтирган.

ҲАМАС 50 нафар исроилликни қайтаради

ҲАМАС қўйиб юбораётган 50 киши фақат аёллар ва болалардан иборат бўлади. Улар тўрт кун давомида босқичма-босқич озод этилади. Гаровдагиларнинг 12–13 кишидан (бошқа манбага кўра, 10) иборат дастлабки гуруҳи 23 ноябр куни озод этилиши кутилмоқда.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен озод этилиши керак бўлганлар орасида Америка фуқаролари ҳам борлигини айтган. Reuters америкалик юқори мартабали мулозимга асосланиб хабар беришича, америкаликлар сони уч киши бўлиб, улар орасида уч ёшли қизча ҳам бор, унинг ота-онаси Исроилга ҳужум вақтида ўлдирилган.

Ғазо ичкарисида Қизил Хоч халқаро қўмитаси ходимлари воситачи сифатида иш олиб боради, деб хабар берган Reuters агентлигига Қатар ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ал-Хулайфий. The Times of Israel нашри аниқлик киритишича, гаровдагилар аввалига Қизил Хочга етказилади, кейин эса исроиллик ҳарбийлар томонидан қабул қилиб олинади. Шундан сўнг улар Исроилдаги тиббиёт марказларидан бирига олиб борилади, бу ерда улар оила аъзолари билан кўришиши мумкин.

Исроил мудофаа армияси маълумотларига кўра, 7 октябр куни ҳамасчилар қўлга олган исроилликлар сони 240 кишидан ошади. Аммо уларнинг барчаси ҳам ҲАМАС қўлида эмас. 9 ноябр куни Фаластиннинг «Ислом жиҳоди» гуруҳи асирликдаги икки киши — 12 ёшли Ягил Яаков ва 76 ёшли Ханна Кацир иштирокидаги видеони намойиш этганди. 21 ноябр куни кечқурун «Ислом жиҳоди» озод этилиши режалаштирилганлар қаторида бўлган Ханна Кацир вафот этганини маълум қилди. Гуруҳ баёнотида айтилишича, унинг ўлимига Исроил ҳукуматининг «сусткашлиги» сабаб бўлган.

Гаровдагиларни озод этишни талаб қилаётган оила аъзолари Тел-Авивдаги намойишда, 2023 йил 21 ноябр
Ariel Schalit / AP / Scanpix / LETA

Исроил 150 нафар фаластинликни қамоқхонадан озод этади