DataReportal БМТ маълумотлари асосида эълон қилган аҳоли сонига оид ҳисоб-китобларга кўра, атиги етти мамлакатда 4 миллиарддан ортиқ одам истиқомат қилади.
Биринчи ўринда аҳолиси тахминан 1,48 миллиард кишига етган Ҳиндистон турибди. Ундан кейин 1,41 миллиард аҳолига эга Хитой келади. Осиёдаги ушбу икки давлат ҳиссасига сайёрамиз аҳолисининг қарийб 35 фоизи тўғри келади.
Учинчи ўринни тахминан 349 миллион аҳолига эга АҚШ эгаллаган. Кейинги ўринларда 288 миллион аҳоли билан Индонезия ва 260 миллион аҳоли билан Покистон жойлашган.

Африканинг аҳолиси энг кўп мамлакати бўлган Нигерия тахминан 243 миллион киши билан олтинчи ўринни эгаллаган. Рўйхатни 213 миллион киши истиқомат қиладиган Бразилия якунлайди.
Инфографикага кўра, ушбу етти мамлакат ҳиссасига жами Ер юзи аҳолисининг тахминан 51,2 фоизи тўғри келади.
DataReportal’нинг БМТ ҳисоб-китоблари асосида тайёрланган Digital 2026 Global Overview Report ҳисоботида 2025 йил октябр ҳолатига дунё аҳолиси тахминан 8,25 миллиард киши деб баҳоланган. Унда Ҳиндистон Хитойни ортда қолдириб, сайёрамизнинг аҳолиси энг кўп мамлакатига айлангани ҳам қайд этилган.
Бу етти мамлакатда демографик тенденциялар турлича. Ҳиндистон, Покистон ва Нигерия аҳолиси ўсишда давом этаётган бўлса, Хитойда аҳоли сонининг қисқариши кузатилмоқда.
DataReportal ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил октябригача бўлган 12 ой давомида Хитой аҳолиси тахминан 3,25 миллион кишига камайган, Ҳиндистон аҳолиси эса қарийб 12,9 миллион кишига кўпайган. Бу маълумотлар сайёрамиз аҳолисининг нотекис тақсимланганини яққол кўрсатади: атиги етти мамлакатда дунёнинг қолган барча давлатларидаги жами аҳолидан кўпроқ одам яшайди.













