Ўзбекистон | 18:16 / 25.11.2023
14151
2 дақиқада ўқилади

Наманганда қизамиқ билан касалланиш ўчоғи пайдо бўлди. Йил бошидан буён 735 та ҳолат қайд этилган

Санэпидқўм Наманган вилоятида қизамиққа чалинган болалар сони кескин ошганини тасдиқлади. Йил бошидан буён вилоятда бу касалликка чалиниш билан боғлиқ 735 та ҳолат қайд этилган, ҳозирда уч ёшгача бўлган 255 нафар бола даволанмоқда. Таққослаш учун, 2022 йил давомида бутун республика бўйлаб қизамиққа чалиниш бўйича атиги 8 та ҳолат кузатилган.

Фото: Getty images

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Наманган вилоятида қизамиққа чалинган болалар сони кескин ошиб кетаётганлиги тўғрисидаги хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 10 ойида вилоят бўйича жами 735 та қизамиқ касаллиги лаборатория текширувида тасдиқланган.

Ҳозирда Наманганда ҳозирда 255 нафар бола қизамиқ касаллигидан даволанмоқда. 255 нафар беморнинг 62 фоизи 1 ёшгача болалар, 25 фоизи эса 1-3 ёшдаги болалар. Уларнинг 235 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, 20 нафари эса Бешкапа болалар сиҳатгоҳида. Мазкур икки шифохонада ҳозирда мос равишда 5 та ва 80 та захира шифо ўрни мавжуд.

Қўмита вилоятда диагностикум, реагент ва вакциналарнинг захираси етарли миқдорда эканлигини таъкидлаган. 

Хусусан, Наманган вилоятига 9500 доза қизамиқ-қизилча вакцинаси берилган. 1936 нафар бола эпидемиологик кўрсатма асосида қизамиқ касаллигига қарши вакцина билан эмланган. Ҳозир даволаш профилактика муассасалари эмлаш хоналарида 310 доза қизамиқ-қизилча вакцинаси  захираси мавжуд.

«Ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан 3 млн доза қизамиққа қарши вакциналар харид қилинди. Ушбу вакциналар эпид кўрсатма бўйича эмланадиган қатлам, маълум сабабларга кўра эмлашдан қолиб кетган болалар ҳамда хавф гуруҳига кирувчи, қизамиқ касали бўлган бемор билан мулоқотда бўлган 6 ойдан 5 ёшгача бўлган болаларни эмлаш учун мўлжалланган, ва айни вақтда ҳудудларга тарқатилмоқда», – дейилади Санэпидқўм изоҳида.

ЖССТ сайтидаги статистикага кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда жами 8 та қизамиқ билан касалланиш ҳолати рўйхатга олинган.

Мавзуга оид