Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёеванинг сўзларига кўра, Наманганда беш ёшли қизалоқ билан боғлиқ фожиа юз берганидан бери Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вазиятни назорат қилиб келмоқда.

“Илк кунлардан мутахассисларимиз ва психологлар қизалоқ билан, унинг онаси билан ишламоқда. Бу оғир дамда оилага барча зарур ёрдам ва кўмак кўрсатилмоқда.

Оила бошқа шаҳарга кўчиб ўтади, уй-жой ва зарур реабилитация билан таъминланади. Оилага тўлиқ ижтимоий ёрдам кўрсатилади, хусусан, қизалоқнинг онаси ўқиш ва ишга жойлашишига ёрдам берилади. Зарур бўлса, фамилиясини ўзгартиришга ҳам кўмаклашилади. Энг муҳими, болажон ва унинг яқинлари хавфсиз жойда янги ҳаёт бошлашлари учун барча зарур шароитлар яратилади”, деб ёзди у.

Шаҳноза Мирзиёеванинг билдиришича, Президент администрацияси бу масалани алоҳида назоратга олган. Барча масъул идоралар илк кунларданоқ ишга жалб қилинган.

У ушбу жиноят асло жазосиз қолмаслигини таъкидлаган.

Аввалроқ Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Наманганда 5 ёшли қизча зўрланиши билан боғлиқ воқеа юзасидан муносабат билдириб, жиноятчи қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилиши, «бундай ваҳшиёна жиноятлар» учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрланаётганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик содир этилган. Мазкур ҳолат юзасидан 12 сентябр куни 52 ёшли хўжалик ишлари мудирига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинган.