Исроилнинг Ғазога босқини давом этар экан, жума кундан тўрт кунлик ўт очмаслик сулҳи тузилди. “Геосиёсат” лойиҳаси доирасида бир неча бор ушбу конфликтни таҳлил қилдик. Асосан ушбу тарихий низо эътиқодлар тўқнашуви сифатида танилгани сир эмас. Лекин Ғазонинг геосиёсий ва геоиқтисодий ўрни қандай? Исроил атрофидаги араб давлатларидан ўзини тан олинишидан ташқари яна нима хоҳлайди? Айни мана шу саволлар юзасидан яқин шарқ масалалари бўйича эксперт Шавкат Икромовга юзландик.
— Минтақада Ғазонинг геосиёсий ўрни қандай?
— Ғазо стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудуд. Геосиёсий ва геоиқтисодий жиҳатлар таъсир кўрсатишга эга, лекин аҳамияти жуда юқори эмас. Ғазо Фаластин қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг маркази ҳам ҳисобланади. Бу ерни 2007 йилдан буён ҲАМАС ташкилоти назоратга олган.
Бундан ташқари, Ғазога Исроилдан, Миср, Иордания, Сурия ва Фаластиннинг ўзидан кўплаб мигрантлар кириб келган. Шунинг учун ҳам бу ерда 3 млнга яқин аҳоли бор. Дунёдаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан бири. Фаластин қаршилик ҳаракатидан ташқари ҳам Ғазога бошқа ердан келган кичик гуруҳлар жойлашган, жиноятчилик ва коррупция ҳам юқори даражада. Инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши, демократияга қарши ҳаракатлар, жиноятлар Ғазодаги оддий ҳолга айланиб қолган.
Ғазо дунёдаги қишлоқ хўжалигига эга бўлган кам сонли шаҳарлардан бири. Бу ерга ресурслар кириб келиши чекланган, чунки 2 та чегараси бор, яъни Исроил ва Миср билан. Низолар туфайли бу чегаралар ҳам ёпилиб туради. Асосан халқаро гуманитар ёрдамлар билан кун кўришади.
Ғазода чучук сув захиралари мавжуд эди, аммо охирги бир неча ўн йилда фаол ўзлаштирилгани учун чучук сув ҳам муаммога айланиб қолган.
Ғазо инқирози бошлангандан бери билвосита тарзда нефт савдосига ҳам таъсир қилмоқда. Халқаро энергетика қўмитасига кўра, уруш Ғазодан ташқарига чиқса, жаҳонда нефт нархи бўйича беқарорлик кузатилади. Аммо бу борада ҳали бундай кескин таъсирлар кузатилмади. Нефт нархи маълум даражада кўтарилди, менимча, бунга сабаб ўтган асрдагидек нефт инқирози бўлишидан хавотирлар бўлди. Бундан ташқари, Эроннинг ҲАМАСга ёрдам бераётгани аниқланса, Эрон нефтига санкциялар жорий қилиниб, нефт нархи кўтарилади деган хавотирлар ҳам бор.
Ғазо ҳам, Исроил ҳам нефт захираларига эга эмас. Лекин дунё бозоридаги ҳолатга таъсирини ўтказа олади. Нархлар кўтарилишига нефт логистикаси хавфсизлиги беқарорлашгани ҳам сабаб бўлди. Конфликт кучайиб ёки кенгайиб борса, вазият оғирлашади.















