Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги оҳак ишлаб чиқариш цехи тармоққа ноқонуний равишда, табиий газ ҳисоблагичисиз уланиб фойдаланиб келгани маълум бўлди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Тизим вакиллари ва орган ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида цехнинг табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланган, бу орқали давлат манфаатларига 1 млрд сўмлик зарар етказилган.

Вазирликка кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш туфайли 78,5 миллиард сўм, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш сабабли эса 231 миллиард 866 миллион сўм зарар кўрилгани ҳақида хабар берилганди.