Ҳодиса жойида олинган суратларда бир нечта автомобил пачоқлангани кўринади. Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳодиса оқибатида бир киши енгил жароҳат олганини маълум қилди. Унга тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Иссиқлик таъминоти корхонаси – Veolia Energy ҳодиса жойига авария-тиклаш бригадаси ва мутахассислари етиб борганини, ҳодиса тафсилотлари ва ўпирилиш сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди. Компанияга кўра, ҳеч қандай сизиб чиқиш ҳолати аниқланмаган.

«Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали мазкур ҳудуддан юқори босимли газ қувури ўтмагани ҳамда содир бўлган ҳодиса табиий газ тармоқлари билан боғлиқ эмаслигини, ўрганишлар давомида газ сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаганини билдирди.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ авария ичимлик суви тармоқларига тегишли эмаслигини, у иссиқ сув тармоғида юзага келганини маълум қилди.
Глинка кўчасининг Шота Руставели кўчасига олиб чиқувчи қисмида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди.







