1 август куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳудудида ўқ отиш спорти мажмуаси ҳамда спорт зали очилди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти Kun.uz'га маълум қилди.
Тадбирда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Маълум қилинишича, ҳарбий-маъмурий сектор маблағлари ҳисобидан барпо этилган мажмуа қурилиши 2025 йил сентябрь ойида бошланган бўлиб, 2026 йил июль ойида якунланган.
Мажмуа таркибидан назарий ўқув синфи, ўқув ва йўриқчилар хоналари ҳамда 20 та ўқ отиш йўналишига эга замонавий тир ўрин олган. Иншоот бир вақтнинг ўзида 20 нафаргача спортчи ва машғулот иштирокчиларини қабул қилиш имкониятига эга.
Тадбирда меҳмонларга амалий ўқ отиш машғулотлари, фотоэлектрон тренажёрларда ўқув жараёнлари ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Шунингдек, вилоятда ўқ отиш спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.

«Бугунги кунда Фарғона вилоятида 184 нафар ёш ўқ отиш спорти билан мунтазам шуғулланмоқда. Янги мажмуанинг фойдаланишга топширилиши ушбу спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳарбий-амалий спортни ривожлантиришга хизмат қилади», дейилади вазирлик хабарида.









