Ўзбекистон | 18:46 / 12.12.2023
6904
2 дақиқада ўқилади

“Фанлар академияси ҳозир оёққа туриб олган пайт” – академия раҳбари илм-фанга берилган имтиёзлар ҳақида гапирди

Илм-фанга йўналтириладиган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2025 йилгача 6 марта, 2030 йилгача эса 10 марта ошириш режа қилинган. Бу ҳақда ЎзФА ташкил топишининг 80 йиллигига бағишланган тадбирда маълум қилинди.

Фото: Фанлар академияси матбуот хизмати

2023 йил Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил топганига 80 йил тўлди. Шу муносабат билан 12 декабр куни Тошкентдаги анжуманлар саройида дунёнинг 10дан ортиқ фанлар академияси президентлари ва халқаро миқёсдаги олимлар иштирокида тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

Тадбирда президент Шавкат Мирзиёевнинг ЎзФАга йўллаган табригини унинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди. “Сизларнинг мисолингизда бамисоли игна билан қудуқ қазиб, тадқиқот ва ишланмалар яратаётган янги Ўзбекистоннинг илмий, интеллектуал салоҳиятини юксалтириб келаётган мана шундай фидойи инсонларни кўраман. 80 йил давомида қутлуғ ва шарафли йўлни босиб ўтган ЎзФА юзлаб академик ва атоқли олимларни тарбиялаб, илм-фан соҳасида нуфузли илмий мактаблар яратишда катта ҳисса қўшди”, – деган президент.

Мирзиёев нутқида Фанлар академияси аъзоларининг ижтимоий ҳолатини яхшилаш бўйича қилинган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилиб, академияда фаолият кўрсатаётган тадқиқотчиларга имтиёзли асосда квартиралар, оилали ёш докторантлар бепул уй-жойлар билан таъминлангани айтиб ўтилди.

Маълум қилинишича, илм-фанга йўналтириладиган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2025 йилгача 6 марта, 2030 йилгача эса 10 марта ошириш режа қилинган.

ЎзФА президенти Беҳзод Йўлдошев академиянинг 80 йиллик фаолияти давомида эришган ютуқлари ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, 1943 йилда ташкил қилинган академиянинг 2-ҳаёти 2017 йилдан кейин бошланган.

Шу йиллар ичида астрономия соҳасида янги юлдуз очилди, янги услубларни йўлга қўйдик. Янги услублар жуда катта нарса, улар жуда кўп кашфиётларнинг асоси бўла олади”, – деди у.

Бундан ташқари, Йўлдошев охирги 5-6 йил ичида академияда ёш тадқиқотчилар кўпайгани, ҳатто айрим институтларда 1та ўринга 12 нафаргача нозмод тўғри келганини айтди.

Фанлар академияси ҳозир оёққа туриб олди, буни давом эттиришимиз керак”, – деди академия президенти.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид