Афғонистонда «Толибон» томонидан қурилаётган Қўштепа суғориш каналида ноябр ойи бошларида биринчи жиддий авария юз берган ва унинг оқибатлари ҳалигача бартараф этилмаган. Бу ҳақда «Чегара билмас дарёлар» халқаро экологик коалицияси экспертлари маълум қилди.

Термиз шаҳридан 25 км нарида, Афғонистондаги Зодиён аҳоли пункти шимолида жойлашган ва каналнинг ўпирилган деган даъво билан тарқатилаётган фотосуратлар 10 ноябр куни сунъий йўлдош орқали тасвирга олинган. Унда каналнинг ўпирилган жойи ва янги пайдо бўлган сунъий сув омбори кўрсатилган.

Сунъий йўлдош тасвирларида воқеалар хронологияси

Сунъий йўлдош суратларига эътибор қаратилса, сув сизиб чиқиши ноябр ойи бошларига тўғри келади.

26 сентябр. Бу кундаги тасвирларда авария содир бўлмаганини кўриш мумкин. Каналда қурилиш ишлари жадал давом этаётгани сабабли сув ҳам ҳали етиб келмаганди. 

11 октябр. Қўштепа каналининг биринчи участкаси қурилиши якунланди. Балх вилоятида фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Афғонистон матбуотига кўра, канал биринчи участкасининг узунлиги 108 км – у Амударёдан бошланиб, Балхнинг Давлатобод туманига етиб боради. 

16 октябр. Шу кундаги сунъий йўлдош суратларида канал сувга тўлдирилгани, аммо ҳали авария бўлмагани акс этган. 

26 октябр. Сунъий йўлдош тасвирларида бу кун ҳам каналда сув ўпирилиши содир бўлмаганини кўриш мумкин.