Коррупцияга қарши кураш халқаро жамғармаси (ФБК) директорлар кенгаши раҳбари Мария Певчих Россия Федерациясида қидирувга берилди. Певчихнинг картаси Россия Ички ишлар вазирлиги қидирувдаги шахслар базасида пайдо бўлгани 21 декабр, пайшанба куни маълум бўлди – бу ҳақда Россиянинг «Медиазона» нашри хабар берди. Бундан ташқари, маълумотлар базасида «Популярная политика» YouTube-канали модератори Дмитрий Низовцевнинг картаси мавжуд - у ҳам қидирилмоқда.
Певчих ва Низовцев «Жиноят кодексининг моддаси бўйича» қидирувда экани айтилади, Ички ишлар вазирлигининг очиқ маълумотлар базасида бу қайси айблов билан боғлиқлиги аниқлаштирилмаган. Аввалроқ, 2022 йил августида Алексей Навалний жамоаси томонидан яратилган «Популярная политика» дастурининг саккиз нафар бошловчиси, жумладан Мария Певчих ва Дмитрий Низовцев Россия армияси ҳақидаги «фейклар» ва терроризмни оқлаш бўйича жиноий ишларга жалб қилингани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирда Мария Певчих ҳам, Дмитрий Низовцев ҳам Россия Федерациясидан ташқарида.
Навалний тарафдорларини таъқиб қилиш
2023 йил июн ойида Навалнийнинг Уфадаги штаб-квартираси собиқ раҳбари Лилия Чанишева етти ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. Уфадаги Киров туман суди уни «экстремистик ҳамжамият яратиш», «экстремизмга чақириш», шунингдек, «фуқароларнинг шахси ва эркинликларига тажовуз қилувчи ноҳукумат ташкилот тузиш»да айбдор деб топди.
2022 йил май ойида ФБК собиқ директори Иван Жданов Москвадаги Басманний суди томонидан экстремистик ҳамжамият яратиш ва фирибгарликда айбланиб, сиртдан ҳибсга олинган эди. 2021 йилда Жданов Нагатинский суди томонидан «суд қарорини нотўғри бажармаганлиги» учун сиртдан ҳибсга олинган ва йил бошида Росфинмониторинг уни «террорчилар ва экстремистлар рўйхати»га қўшган. У ҳам халқаро қидирувга берилган. Жданов Россияни 2019 йилнинг кузида тарк этган.
2021 йил октябр ойида Россия Ички ишлар вазирлиги ФБКнинг собиқ адвокати Любов Соболни қидирувга берган, у ҳам ўша йили август ойида Россияни тарк этган. 2022 йил июн ойида Москва шаҳар суди Любов Соболнинг эркинлигини чеклашни колониядаги 6 ойлик ҳақиқий қамоқ билан алмаштиришни маъқуллади.
2021 йил сентябрида Россия Ички ишлар вазирлиги Навалний штаб-квартирасининг собиқ раҳбари Леонид Волковни қидирувга берган эди. Россияда Навалнийнинг бошқа шериклари, жумладан Кира Ярмиш, Георгий Албуров, Руслан Шаведдинов ва Вячеслав Гимадига нисбатан ҳам жиноий иш очилган.
Навалнийни таъқиб қилиш
















