Жадидлар фақат ёзувчилик ёки матбаа билан шуғуланмаган. 100 йил олдин, керак бўлса, ёшларни Германияга ўқишга юборишган. Улар тузган Туркистон мухторияти илк демократик давлатлардан бўлган. Конституцияси ҳам жуда яхши ишлаб чиқилган. Kun.uzʼнинг ёзувчи Жавлон Жовлиев билан суҳбатида жадидлар фаолиятига умуман бошқача ракурсдан назар соламиз.

Нима учун маънавият ва маърифатга бу қадар эътибор қаратиляпти ва айнан президентнинг шахсан ўзи томонидан?

— Биз энди англаб етяпмизки, мамлакатдаги тараққиётнинг асоси илм-маърифатда. Шу сабабли ҳукумат даражасида алоҳида эътибор бериляпти. Президентимизнинг ўзи алоҳида тўхталди бунга. Ривожланган давлатларнинг асосида илм-фан ривожи ётади. У ерларда тўғри йўлга қўйилган тизимлар, институтлар ўз ишини бажаради, бизга ҳам шулар керак. Ёшларга, зиёлиларга, умуман миллатга, келажакка ишонч руҳи керак. Бизда пессимистик қарашлар, кетиш истаклари кўп, кўп ёшлар шунчаки кетишни ўйлайди. Бу нарсани тўғри йўлга қўйилган таълим, маърифат билан тўлдириш мумкин, шу нарсани англаб етишяпти ҳам.

Президентимиз минг китоб таржимаси ҳақида гапирдилар, бу бўйича қарор ҳам чиққан эди. Ўзбекистон китоб таржимаси бўйича орқада қолиб кетяпти, бизда бутун дунё тан олган классик асарлар ҳам таржима қилинмаган, фақат маълум бир қисмигина бўлган.

Яна бир яхши лойиҳа «Мутолаа» иловаси яратилмоқда Ёшлар ишлари агентлиги ва Халқ банки кўмаги билан. Бу иловада китобларнинг электрон ва аудио вариантларини топиш мумкин бўлади. Бир пайтлар жадид бобомиз ҳам худди шундай мутолаахона очган эди, бу ҳам шунинг замонавий кўриниши.

Энди эскича қарашлар билан яшаб бўлмайди. Президентимиз ҳам кичкина болаларимиз нимани ўйлаётганини билишимиз керак, дедилар. Янги авлод нима ҳақида ўйлаётганини билиш керак. Ёшларимиз интернет тармоғида экан, биз ҳам шунга кириб боришимиз, замонавий шаклда яхши контентлар олишимиз, интернетни шулар билан тўлдиришимиз лозим.

Жадидлар йўлидан юриш, уларнинг тутумларини тутишга чақириқлар бўляпти. Нега айнан жадид боболаримиз йўли танланяпти?

— Чунки бизнинг вазиятимиз ўша жадидларнинг вазиятидек. Яъни янги ҳаётни даъво қиляпмиз, Ўзбекистонни янгиламоқчимиз. Жадидлар шундай қилмоқчи эди. Улар фақат ёзувчилик ёки матбаа билан шуғулланмади, миллат-халқ учун нима қилиш керак бўлса, ҳаммаси учун ҳаракат қилишди ва охирида жон ҳам беришди.