Фотоколлаж: Kun.uz

ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасида вужудга келган жадидчилик ғояси янгича тафаккур ва ислоҳотларнинг ёритгичи эди. У нафақат таълим ёки маданий-маърифий уйғониш, балки чуқур сиёсий ва ҳуқуқий юксалишни ҳам ўзида мужассам этганди. Кўплаб босим, қаршилик ва тазйиқлар шароитида жадидлар ўрнатилган догматик тартиб-қоидаларга дадил қаршилик кўрсатиб, дунёвийликни, конституциявийликни, аёллар ҳуқуқларини ва халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилашдек миллий истиқлолини ўз ичига олган кенг қамровли ғоя ва ислоҳотларни илгари сурди.

Жадид ислоҳотчилари фақат маданий ёки педагогик ўзгаришлар билан кифояланиб қолмади – уларда жуда жиддий сиёсий амбициялар – мавжуд тузумни тубдан ислоҳ қилиш мақсади ҳам бор эди. Минтақада рус таъсирининг кучайишидан хавотирга тушган жадидлар ўлкада монархия ҳокимиятини чеклаб, уни тубдан қайта қуришни ва бошқарувда оммага кенгроқ ўрин берадиган сиёсий манзарани тасаввур қилди.

Хусусан, улар диний идораларнинг сиёсий ишлардаги ваколатларини чеклашга интилиб, бошқарувни кенг қамровли секуляризация қилиш ғоясини илгари сурди. Жумладан, Абдурауф Фитрат сингари фаол жадидлар диний муассасалар консерватизм қалъасига айланиб, модернизацияга тўсқинлик қилаётганини уқтирди.

Жадидлар фуқаролар эркинликларини ҳуқуқий мустаҳкамлаш ва суверенитетни таъминлашга йўналтирилган ҳуқуқий асосни яратишга қаратилган конституциявий ғояларни илгари сурди. Масалан, “Ёш бухороликлар”нинг 1917 йилги ислоҳот лойиҳаси нафақат вакиллик парламенти, балки, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, қонун олдида тенглик ва қонуний жараённинг кафолатларини ҳам талаб қилди.

Бундай конституциявий-ҳуқуқий ғоя жадидларнинг бутун Туркистонда миллий уйғониш ва ўзини ўзи бошқариш, тақдирини ўзи ҳал этишга чорловчи шиддатли тарғиботига мос тушди. Чор ҳукмдорларининг, кейин эса шўровий зўравонликнинг шафқатсиз таҳдидига дуч келганига қарамай, Беҳбудий, Авлоний, Сиддиқий Ажзий, Ибрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Хамза каби жадид зиёлилари ўзбек миллий онгини, ғурурини фаол тарбиялаб юксалтиришга уринди. Уларнинг тарғибот ҳамда тарбиявий ишлари бевосита ватанпарварлик, миллатпарварлик ва сиёсий мустақилликка эришишга қаратилди.

1917 йилги “Ёш бухороликлар”нинг жамият бошқарувини ислоҳ қилиш дастури – мазкур ҳаракат томонидан илгари сурилган кенг қамровли ислоҳотлар жадвали – жадидлар сиёсий-ҳуқуқий қараш ва интилишларининг чўққисини ифодалади. Файзулла Хўжаев, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқалар томонидан тузилган мазкур дастур Бухоро амирлигининг мустабид аппаратини буткул йўқ қилишни дадиллик билан талаб қилди.