Жавлон Жовлиевнинг «Қўрқма» асарини кўплаб ёшлар ўқиб чиқди, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилди. Ёзувчи асарлар ёзиш билан бир қаторда Алишер Навоий номидаги адабиёт музейида таянч докторант бўлиб, илмий фаолият билан шуғулланади. «Оптимист» лойиҳаси доирасида ёш ёзувчи билан романнинг ёзилиш тарихи, янги ёзаётган асари ва ижтимоий муаммолар хусусида суҳбатлашдик. Қуйида суҳбатни ёзувчи тилидан ўқийсиз.
«Дадамни китоблардан қизғанардик...»
«Ҳаёт танловлардан иборат эканини эрта англаб етганмиз. Отам уйимиздан 100-200 метр узоқликдаги қишлоқ идорасида ишларди. Соғинган пайтимиз бориб отам ўтирадиган хонанинг деразасидан қараб турардик. Унинг иш столида доим китоб кўринарди, уйга келганда ҳам китоби бўларди. Отам нимага фарзандларидан ҳам кўпроқ китобни яхши кўради, унда нима ёзилган экан деб қизиқар, дадамни китобдан қизғанардик. Китоблар кирилл ёзувида бўлгани учун ўқий олмасдим, лекин тезроқ уларни ўқишни хоҳлардим. Кейинроқ мен ҳам мол боқишга-да ўзим билан китоб олиб юрадиган бўлдим.
Ўйлаб кўрсам, китоб ўқиш ҳам бир меҳнат экан. Худди машина ҳайдаш, дутор чалишни ўрганган каби китобхон бўлиш учун ҳам йиллар, заҳматлар керак экан. Ҳар ким ҳам китобхон бўла олмаскан».
«Қишлоқда қолиб кетмасликни хоҳлардик»
«Қишда лой кечиб, узоқ масофага қўшимча дарсга қатнардик. Дарвозадан уёғи қоронғи дала бўларди. Саҳар дарсга бориш учун чиқиб кетиб, қоронғида қайтиб келардик. Умуман асфальт кўрмаган кўчалардан, даштлардан ўтардик. Лекин ўша кунларни оғир деб эсламайман, сабаби келажакка умид ва ишонч бор эди. Қишлоқда қолиб кетмасликни, ундан кетиб шаҳарга бориб ўқишни хоҳлардим. Кейинчалик ҳаётим адабиёт билан боғланди. Англаб етдимки, адабиётни танласам, бошқа нарсага чалғимай асосий кучимни, вақтимни унга бағишлашим керак экан».

«Қўрқма» ғоясининг пайдо бўлиши
«Талабалар ётоқхонасида яшаб юрган пайтларим талабалар аҳволининг ночорлиги, уларнинг келажакка ишончи паст эканлиги, олий таълим тизимидаги камчиликларни кўриб, бир асар ёзиш фикрига келдим. Ўша пайтлари 2016 йилда Германияда таълим олган ўзбек талабалари ҳақида ўқиб қолдим ва ўша кеча ухлай олмадим. Ўзимни тафтиш қилиб нима учун ўқиётганим ҳақида савол бера бошладим.












