27 декабр, чоршанба куни Россия Федерацияси Олий суди ржевлик журналист Екатерина Дунцованинг президент сайловида қатнашиш мақсадида ўз номзодини қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплаш бўйича ташаббускор гуруҳни рўйхатга олишдан бош тортган Россия Марказий сайлов комиссиясига нисбатан даъвосини рад этди. Аввалроқ, 25 декабр куни у МСК қарорига норозилик билдирган эди.
23 декабр куни Марказий сайлов комиссияси Дунцовага имзо тўплашга рухсат бермади ва буни ҳужжатларда аниқланган хатолар билан изоҳлади. Шу билан бирга, МСК ўз далилларини «фақат ҳисобот маълумоти билан тасдиқлайди - бундай ҳужжатдан фойдаланиш принципиал жиҳатдан қонунда кўзда тутилмаган, шунинг учун уни қарор қабул қилиш учун асос қилиб бўлмайди», деб таъкидлади Дунцова.
«МСК томонидан сайловчилар маълумотларидаги хатолар ҳақида оғзаки баёнотлар ҳам деярли исботланмаган. Қолаверса, улар рад этиш тўғрисидаги қарорда келтирилган, бироқ аниқ кўрсатилмаган ва қарор қабул қилиш учун асос бўлмаган», - дея қўшимча қилди журналист. Унинг сўзларига кўра, сайловчилар гуруҳи аъзоларининг маълумотларини текшириш нотариуснинг зиммасида, МСК эса бундай тартибни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.
Дунцова партия ташкил этишини эълон қилди
Марказий сайлов комиссиясининг рўйхатга олишдан бош тортишига жавобан Дунцова ўз партиясини ташкил этишини эълон қилди. «Биз ўн миллионлаб фуқаролармиз, лекин бирорта ҳам сиёсий партия биздан вакиллик қилмаяпти ёки вакил бўлишни хоҳламаяпти. Ўзимиз партия тузиб, ўзгаришларга эришишдан бошқа иложимиз йўқ. Бу бизнинг ватанимиз ва бошқаси ҳеч қачон бўлмайди», - деб ёзди у.
Дунцованинг сўзларига кўра, партия «тинчлик, эркинлик ва демократия тарафдори бўлган ҳар бир киши» вакили бўлади. Журналистнинг айтишича, яқин вақт ичида партия ташкилий қўмитаси ташкил этиш, минтақаларда тарафдорлар йиғилиши ва келаси йил бошида таъсис қурултойига делегатлар сайлови ўтказиш ниятида. «Март ойида биз партиянинг таъсис қурултойини ўтказамиз, май ойига қадар Россия минтақаларининг ярмидан кўпида минтақавий бўлимларни рўйхатдан ўтказамиз, июн ойида сентябрда бўлиб ўтадиган барча сайловларга номзодларни кўрсатамиз», деди Дунцова.
Демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларни озод қилиш тарафдори
Красноярсклик Екатерина Дунцова - журналист ва кўнгилли қидирув-қутқарув гуруҳининг координатори, Ржев шаҳар думаси депутати бўлиб ишлаган. У 16 ноябр куни президентликка номзодини қўйиш ниятини маълум қилди ва бу қарорини «сўнгги ўн йил давомида мамлакат нотўғри йўналишда: тараққиёт йўлида эмас, балки ўз-ўзини йўқ қилиш йўлида кетаётгани» билан изоҳлади. Дунцова урушни тўхтатиш, демократик ислоҳотлар ва сиёсий маҳбусларни озод этиш тарафдори.

















