— Сиз фаолиятингиз давомида асосан Фарғона, Тошкент ва Навоий вилоятларида ишлагансиз. Айтайлик, Фарғона ёки Навоийни Сирдарё билан таққослаб бўлмайди. Исталган одам янги муҳитга ўтганда мослашишга қийналади, ҳамма жойни ўзига яраша паст-баланди бўлади. Сирдарё вилоятида раҳбарликка келганингиздан кейин қандай қийинчиликларга дуч келдингиз? Дон соҳаси мутахассисига вилоят ҳокими бўлиш қийин бўлмаяптими?

— Ҳаёт йўлимда турли ерларда ишладим. Мактабни битирибоқ Самарқандга ўқишга кетганман. Ўша даврлардан секин-секин фаолиятим бошланган. Талабалик йиллари катта мактаб бўлган, хар қандай вазиятга мослашишни ўргатган.

Аввал Фарғонада, кейин Тошкентда 5 йил ишладим. Дон йўналиши бўлгани учун доим жойларга чиқардик, ўрганардик, катта тажриба бўлган бу ҳам. Фарғона вилоятининг Учкўприк туманига ҳоким бўлган пайтларим мен учун жуда катта мактаб бўлган. Сирдарё вилоятига ҳоким бўлиш ҳам кутилмаган иш бўлганди. Бу жуда катта масъулият. Олдин туман даражасида ҳоким бўлганим анча ёрдам беряпти. Лекин ҳеч нарса осон эмас.

Сирдарё вилояти менга бегона ҳам эмасди. Сабаби Давлат дон инспекциясида ишлаганимда инспекциянинг Сирдарё вилояти, хусусан, Боёвут тумани бўйича вакили ҳам бўлганман. Одамлар билан, уларнинг тутуми билан таниш бўлганим ҳам қўл келди.

— Вилоятда иш бошлаганингизда сизни тўғридан тўғри шокка туширган, сиз ҳазм қилолмаган ҳолат, вазият-ҳодисалар бўлганми? Шулар ҳақида гапириб беринг.

— Ундай вазият бўлгани йўқ. Иш бошлаганимнинг биринчи кунларида маҳаллаларни кўрганман. Шунда бир вазият эсимда қолган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитли хонадонлардан бирига кирдим, жуда ҳам озода, ҳовлисида гуллар экилган, ҳамма нарса саранжом экан. Нима ёрдам керак, деб сўрасак, хеч нарса керак эмас, дейишган.

— 2020 йилдаги Сардоба фожиасининг ҳали ҳам бартараф этилмаган оқибатлари қолганми? Омборнинг сув ювиб кетган ери мустаҳкам қилиб қайта тикланганми? Сув омборига қайтадан сув тўлдириладими?

— Ҳозирда Сардобада 350 млн куб сув сақланяпти. Бу техноген фожиада қурбонлар бўлди, моддий зарарлар ҳам бўлди, аммо бир томондан кенг кўламда бўлмаганига ҳам шукр қилиш керак.

Фожиада 2 киши ҳалок бўлди. Бири миллий гвардия ходими, бири ҳарбий бўлган. Одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун жонини фидо қилган бу йигитларимизнинг хотирасини абадийлаштириш учун бюст ҳам ўрнатдик.